Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Коллизион ҳуқуқ кодекси – у нима беради?

Коллизион ҳуқуқ кодекси – у нима беради?

Мамлакатимиз халқаро алоқалар ва савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш борасида кенг кўламли ташқи сиёсат олиб бормоқда. Шу жиҳатдан, халқаро хусусий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий асос яратиш ва қонунчиликни такомиллаштириш тараққиётда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, ҳар бир давлат ўз ҳудудида ҳуқуқий тартибга солишни норма ижодкорлиги орқали амалга оширади. Шахслар турли давлатлар субъектлари ижтимоий муносабатларининг ривожланиши бир давлатнинг ҳуқуқий нормалари бошқа давлат ҳудудида қўлланилиши мумкин бўлган ҳолатларни юзага келтиради. Таъкидлаш жоизки, суверенитет нуқтаи назаридан ҳар бир давлат бошқасига нисбатан мустақил бўлгани каби, хорижий давлат ҳам миллий давлатга нисбатан норма ижодкорлигининг мустақил субъекти ҳисобланади.

Бугунги кунда давлатлар ўртасидаги турли муносабатларнинг муваффақиятли ривожи ушбу муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солиниш даражасига боғлиқдир. Юқори даражада ҳуқуқий тартибга солинганлик мазкур муносабатларнинг келажакда ривожланишига замин яратади, акси эса уларнинг тараққиётига тўсқинлик қилади ёки секинлаштиради. Ушбу масалада халқаро хусусий-ҳуқуқнинг ўрни беқиёсдир. Айнан унинг нормалари халқаро алоқалар иштирокчилари учун қай даражада қулай ҳуқуқий режим тақдим этилишини белгилайди.

Дунёда халқаро хусусий-ҳуқуқий муносабатларнинг ривожланиши, глобаллашув жараёнлари, давлатлар ҳамда уларнинг жисмоний ва юридик шахслари ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиб бориши ва ривожланиши бир мамлакат ҳудудида бошқа мамлакат ҳуқуқи қўлланилишини юзага келтирмоқда. Бу каби ҳолатларни турли шартномавий ва шартномадан ташқари муносабатларда, турли давлатлар субъекти бўлган тарафлар ўртасидаги низолар кабиларда кўриш мумкин. Аммо, бу ҳуқуқни қўллаш доирасида бир қатор муаммолар ҳам келиб чиқмоқда.

Миллий суд статистикасига асосан охирги 3 йилда чет эл ҳуқуқини қўллашга доир иккита иқтисодий иш ва халқаро шартномалар талаблари қўлланган бир қатор фуқаролик ишлари кўрилган. Ушбу кўрсаткичлар мазкур масалаларнинг миллий қонунчилик ва суд амалиёти доирасида етарлича ўрганилмаганлигини ва шунга мувофиқ қўлланилмай келаётганлигидан далолатдир.

Жаҳонда давлатлар ўртасида ўзаро ҳуқуқий ёрдам, моддий ва коллизион нормаларни, жумладан чет эл ҳуқуқи нормаларини тўғри қўллаш ва уларга тўғри ҳуқуқий баҳо бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боиси, улар вужудга келиши мумкин бўлган халқаро хусусий-ҳуқуқий низоларнинг олдини олишга ёки бундай низоларни адолатли ҳал этишни таъминлашга хизмат қилувчи муҳим илмий-амалий аҳамият касб этадиган тадқиқот йўналиши сифатида баҳоланган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимиз халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ривожланишнинг устувор йўналишларидан бири. Бу эса, ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришни долзарб этиб белгиламоқда.

Чет эл ҳуқуқи нормасини қўллаш, маълум бир давлатнинг ички ёки миллий ҳуқуқий тартиботи учун одатий бўлмаган муносабатларга нисбатан жумладан, бир давлат ҳудудидан ташқарида юзага келадиган, хусусан халқаро-хусусий ҳуқуқда қабул қилинганидек, чет эл элементи билан мураккаблашган муносабатлар доирасида амалга оширилади.

Кўпгина хорижий мамлакатлар халқаро хусусий-ҳуқуқ бўйича ягона ҳужжат қабул қилиш йўлидан боришди, масалан, Швейцарияда «Xалқаро хусусий ҳуқуқ тўғрисида»ги Федерал қонун, Туркияда «Халқаро хусусий ҳуқуқ тўғрисида ва халқаро фуқаролик процесси тўғрисида»ги Қонун.

Албатта, ҳар бир қонун ўхшаш хорижий давлат ҳужжатларидан мазмунан фарқ қилади. Бироқ, халқаро фуқаролик процесси нормалари ушбу ягона ҳужжатга киритилганлиги, чет эл ҳуқуқи мазмунини аниқлаш тартиби тўғрисидаги қоидалар эса халқаро хусусий-ҳуқуқ умумий масалалари орасига киритилган.

Ҳозир, мамлакатимизда халқаро хусусий-ҳуқуқ масалалари бўйича ягона кодификацион ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги мазкур соҳадаги қонуннинг қўлланилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, ҳуқуқий тартибга солишдаги тафовутлар ва бўшлиқларга, ўхшаш қоидаларнинг такрорланишига замин яратади, қолаверса, алоҳида ҳуқуқ соҳаси сифатидаги нуфузига ҳам путур етказади. Умуман, давлатларнинг мазкур муносабатларни тартибга солувчи ягона кодификацион ҳужжатга эга бўлишга интилиши замонавий тенденциядир.

Ўз навбатида, халқаро хусусий-ҳуқуқдаги кодификация жараёнларининг жадаллашуви халқаро иқтисодий муносабатлар тизимида трансмиллий корпорациялар таъсирининг ортиши, давлатларнинг иқтисодий муносабатлардаги иштирокининг кучайиши ҳамда фаол унификация жараёни каби омиллар билан изоҳлаш мумкин.

Халқаро хусусий-ҳуқуқни кодификация қилиш анча қулайликлар яратади. Сабаби судлар чет эл элементи билан мураккаблашган низони кўриб чиқишда битта меъёрий ҳужжатга таянади. Бошқа манбаларга мурожаат қилиш ва турли ҳужжатларнинг муайян ҳуқуқий нормаларининг нисбатини тадқиқ қилиши зарур бўлмайди. Бундай қонуний тартибга солиш у ёки бу тарзда халқаро хусусий-ҳуқуқ кўрсатмаларига дуч келаётган бошқа манфаатдор шахслар учун ҳам қулай.

Демак, бугунги кунда, халқаро хусусий-ҳуқуқ ривожланишининг асосий тамойили (тенденцияси) халқаро хусусий-ҳуқуқ коллизион ва моддий нормаларини кодификациялашдир. У халқаро хусусий-ҳуқуқ тўғрисида махсус қонунларни яратиш йўли билан ёки халқаро ҳуқуқий нормаларни кодификациялаш йўли билан амалга оширилади. Халқаро хусусий-ҳуқуқнинг ҳозирги кундаги ривожланишининг ушбу хусусияти Европа давлатларининг амалиётида айниқса яққол кўринади. Қонунчиликни янгилаш ёки батамом янги ҳужжатларни қабул қилиш давлатнинг жаҳон иқтисодиётига фаол интеграциясига ҳам кўмаклашади.

Амалда халқаро хусусий-ҳуқуқ ривожланиш тенденциясидан келиб чиқиб, хусусан Сингапур ва Хитойда миллий манфаатларга ва коллизион принципларга алоҳида эътибор билан ёндашилиши, принципларга суд амалиётида қатъий муносабат бўлиши ва улар қўлланилиши, Туркияда бир кодекс таркибида коллизион ва процессуал нормалар бирлашганлиги, миллий қадриятлар эътиборга олинганлиги диққатга сазовордир.

Шунингдек, Канада ва Европа Иттифоқи давлатлари тажрибаси комплекс кодекс қабул қилиниши, унда умумий тамойиллар, тушунчалар, қўлланиладиган ҳуқуқ масалалари, юрисдикция, процессуал нормалар, қарорларни тан олиш ва ижро этиш масалалари қамраб олиниши мақсадга мувофиқлигини кўрсатади.

Хулоса ўлароқ, Ўзбекистонда миллий қадриятлар ва манфаатлар асосидаги коллизион тамойиллар, юрисдикция ва тегишли процессуал нормаларни тўлиқ акс эттирувчи алоҳида концептуал жиҳатдан янги комплекс Коллизион ҳуқуқ кодексини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу ҳолат бевосита мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини тўғри шакллантириш имкониятини яратади.

Исламбек Рустамбеков,
Тошкент давлат юридик университети проректори,
юридик фанлари доктори, профессор.

 Шахноза Жолдасова,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Ёшлар парламенти раиси,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг