Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хитойда қабул қилинган янги қонун хавотирга сабаб бўлмоқда

Хитойда қабул қилинган янги қонун хавотирга сабаб бўлмоқда

Уйғурлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган намойишлар дунё бўйлаб мунтазам ўтказилади.

Фото: Anadolu Ajansı

Умумхитой халқ вакиллари кенгаши, яъни Хитой олий қонун чиқарувчи идорасининг сўнгги мажлисида «Этник бирлик ва тараққиётга кўмак» дея шартли номланаётган қонун кўпчилик овоз билан қабул қилинган эди. Ушбу қонунни халқ ноибларининг 2 756 нафари қўллаб-қувватлаган бўлса, уч нафари қарши овоз берган, яна шунчаси бетараф қолган.

Расмий Пекинга кўра, янги қонун ҳужжати миллий бирликка хизмат қилади, жамият ҳаётида этник озчиликлар ҳуқуқини ҳимоя этади.  Аммо таҳлилчилар ушбу ҳужжат этник озчиликлар дискриминациясини янада кучайтиришидан хавотирда.

1,4 миллиард нуфусли Хитойда расман тан олинган 56 та этник гуруҳ мавжуд ва улардан 55 таси этник озчилик ҳисобланади. Чунки аҳолининг 91,9 фоизи ёки 1,2 миллиардини ханлар ташкил этади. Уйғурлар (11,7 миллион), хуэйлар (11,4 миллион), тибетликлар (7,1 миллион) ва мўғуллар (6,3 миллион) этник озчиликлардир.

2026 йил 1 июлдан кучга кирадиган ва 65 моддадан иборат қонуннинг  илк моддасида хитой халқи тафаккурининг якдил, яктанлигини мустаҳкамлаш, хитой миллати кучини уйғотиш ҳақида гап боради. Ҳужжатда этник айирмачиликка қарши кураш алоҳида урғуланади.

Танқидчилар хавотирича, этник гуруҳларнинг маданий ўзига хослик талаби айирмачиликка тенглаштирилиши мумкин. 

«2016 йилда қабул қилинган ва оммавий қамоқни кўзда тутувчи лагерлар тузишга асос бўлган аксилтеррор қонуни билан биргаликда ушбу янги қонун Шарқий Туркистондаги уйғурларнинг тил, маданият ва диний эркинлик жабҳаларида ҳуқуқи поймол этилишини янада кучайтиради», — деган Мюнхенда жойлашган Умумжаҳон уйғурлари конгресси президенти Турғунян Алавдун DW нашрига берган интервюсида.

Вашингтон демократияни ҳимоя қилиш жамғармаси катта илмий ходими Жек Бернҳэм ҳам ўша қонун Тибет ва Шинжон уйғур ўлкасида қатағонларга йўл очган деб ҳисоблайди.

Сиёсий, мафкуравий жиҳатдан этник гуруҳлардан «буюк Ватан, хитой халқи, хитой маданияти, Хитой коммунистик партияси ва хитойча хусусиятга эга социализм»га садоқатли бўлиш талаб этилади. Жек Бернҳэм буни «хан миллатчилиги»нинг кучайиши деб атаган.

Бир муддат аввал Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Шинжон уйғур-мухтор ўлкасида яшовчи миллатлар қатағон қурбони бўлаётгани хусусида ҳисобот эълон қилган эди. 160 саҳифали ҳисоботда «қайта тайёрлаш лагерлари» деб аталган юзлаб тутқунгоҳларда уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик каби оз сонли миллат вакилларига нисбатан зулм ва зўравонлик сиёсати юритилаётгани қайд этилади.

АҚШ давлат департаменти ҳисоботига кўра эса, Хитойда бошланган тозалаш сиёсатидан кейин Шинжонда яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача мусулмонлар ёпиқ лагерларда сақланмоқда.

Қайд этилишича, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган. Давлат департаменти ҳисоботида лагерларда руҳий ва жисмоний зўравонлик авж олгани, шинжонлик мусулмонлар намоз ўқигани ёки рўза тутгани учунгина жазоланаётгани хабар қилинган.

АҚШ раҳбари Дональд Трамп илк президентлик даврида уйғур ва бошқа мусулмон озчилик ҳуқуқларини бузгани учун Хитой расмийларига нисбатан санкция жорий этган эди.

Вашингтон Пекиннинг Шинжондаги сиёсатини «геноцид» деб атагани ҳам маълум.

Human Rights Watch Хитойнинг мусулмон аҳоли яшайдиган вилоятларида юзлаб масжидлар вайрон қилингани ҳақида бонг урганди

Хитойнинг этник озчиликка қарши репрессив сиёсати БМТда 50 давлат томонидан қораланган.

«Биз Хитой Халқ Республикасидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, айниқса, Шинжондаги уйғурлар ва бошқа асосан мусулмон озчиликларнинг инсон ҳуқуқлари бузилишидан жиддий хавотирдамиз», — дейилади БМТ Бош ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари қўмитаси баёнотида.

Хитой томони ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Расмий Пекинга кўра, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти нотўғри талқин қилинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг