Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

Марғилондаги ҳолат бошқа жойда қайтарилмаслигига кафолат борми?

Марғилондаги ҳолат бошқа жойда қайтарилмаслигига кафолат борми?

Иллюстратив сурат.

Фото: «hyser.com.ua»

Сўнгги вақтларда болалар, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари топталаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинаяпти. Ҳали у боғчада болалар калтаклангани, ҳали бу коллежда ўқувчилар ҳақорат қилингани... Марғилондаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг хўрлангани, калтаклангани, турли ғайриахлоқий ишларга жалб қилингани ҳақидаги хабар барчасидан ўтиб тушди. Хўш, Марғилон воқеаси, айтайлик, Тошкент ёки Самарқанд воқеаси сифатида қайтарилмаслигига кафолат борми?

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилиниши керак?

Ошкор бўлаётган ҳолатлар сони ортиб бораётганидан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини таъминлашда жиддий муаммолар бор. Ҳар бир ҳодиса бўйича айбдорларни жазолаш билан иш битмаслиги кўзга ташланиб қолаяпти. Шу боис нафақат болалар билан бевосита иш олиб бориладиган ташкилот ва муассасаларда, балки оддий оилаларда ҳам бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жиддий ишлар қилиниши керак. Чунки меҳрибонлик уйлари, таълим муассасаларида болалар билан ишлаш бўйича тартиблар, қонун-қоидалар ишлаб чиқилган, уларга масъуллар бириктирилган. Масала фақат ижрода қолган. Аммо ҳамма оилаларда ҳам болалар ҳар томонлама ҳимоя остида эмас.

Баъзи ота-оналарда «бола меники, уни истаганимча ёки билганимча тарбия қиламан» деган нотўғри тушунча бор. Умумжаҳон ва миллий қонунчилик эса бундай одамларга чексиз ва дахлсиз ҳуқуқ бермайди. Тўғри, давлатнинг (ёки бегона шахслар – ҳуқуқ ҳимоячиларининг) ҳар бир оиладаги болалар тарбиясига аралишишини ҳазм қилиш қийин. Ҳар ким болани ўзича катта қилади. Лекин жамиятдаги муаммолар ҳатто оилаларни ҳам бола тарбиялашда ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмаслигини кўрсатаяпти. Хориж тажрибасида ҳам шундай. Билганим, эшитганларимнинг айримларини ўртоқлашсам.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда болаларга давлат томонидан ажратилаётган моддий ёрдамни ота-оналар истаганича тасарруф қила олмайди. Махсус картага тушириб бериладиган пулларни фақатгина болалар учун мўлжалланган маҳсулотлар, кийим-кечак ва озиқ-овқатга сарфлаш мумкин. Дейлик, она боласига берилган картадан памперсга пул тўлаши мумкин, лекин «Пепси» сотиб ололмайди.

Кўпгина ривожланган давлатлар қонунчилигида оилада болалар учун минимал шароит яратилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Масалан, Россияда бола ҳуқуқлари билан шуғулланувчи масъул орган ходимлари вояга етмаган фарзандлари бор оилаларга кириб, бола учун яратилган шароитлар, масалан, ётоқ жойларини текшириш ҳуқуқига эга. Эсингизда бўлса, боласи олиб қўйилган ўзбекистонлик оила ҳақидаги хабарларда расмий орган бола ётиши учун шароит йўқлиги, унга ердан жой қилиб берилганини ҳам рўкач қилган эди.


Мавзуга доир:

Марғилондаги меҳрибонлик уйи: хўрланган болалар, хўрланган қизлар...


Шунингдек, ривожланган давлатларда фарзандли оилаларда болалар истеъмол қилиши учун бўлиши шарт бўлган озиқ-овқатлар рўйхати шакллантирилган. Мева-сабзавотлар, тухум, сут-қатиқ, сарёғ, гўшт ва бошқа озиқ-овқатлар гигиена ва санитария талаблари асосида сақланиши ва тайёрланиши лозим.

Бола тарбияси, унинг ҳар томонлама соғлом вояга етиши нафақат оила, балки давлат келажаги учун ҳам муҳим. Шу боис Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган янги, замон талабларига мос миллий дастур қабул қилиниб, бола ҳуқуқларини таъминлаш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш кабиларга масъул бўлган ягона ваколатли тузилма ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг