Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Машина эшигидаги махфий жой: тезкор тадбирларда қатор шахслар ушланди

Машина эшигидаги махфий жой: тезкор тадбирларда қатор шахслар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида бир қатор ҳудудларда ўтказилган тезкор тадбирларда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари фош этилди.

Андижонда 6 килограммга яқин “мефедрон” аниқланди

Андижон вилоятида ўтказилган тадбирда Хўжаобод тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “BYD” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилди.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам судланган шахсга тегишли бўлган автомашина кўздан кечирилганда, салон қисмида 6 дона полиэтилен ўрамда жами 5 кг 946 гр “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, у ушбу заҳарли моддани наркокурьерлар томонидан “закладка” усулида қолдирилган жойдан олиб, Тошкент шаҳрига етказиб беришни режалаштирган.

Пойтахтда нарколаборатория фош этилди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда хориждан курьерлик жўнатмаси орқали қандолат маҳсулотлари орасига яширилган 350 гр “Клефедрон” синтетик наркотик моддасини қабул қилиб олган вақтида Чилонзор туманида яшовчи, 2006 йилда туғилган шахс ушланди.

Тадбир давом эттирилиб, унинг шериги — Яшнобод туманида яшовчи, 1991 йилда туғилган шахс ҳам жиноят устида қўлга олинди.

Аниқланишича, ушбу шахс ўз яшаш манзилида нарколаборатория ташкил этган. Текширув давомида тахминан 5,3 кг синтетик гиёҳванд моддалар, гашиш ва марихуана мойларига ўхшаш моддалар, электрон тарозилар, колба идишлар, уяли алоқа воситалари ҳамда лаборатория жиҳозлари ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.

Наманганда героин савдоси фош қилинди

ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Ички ишлар ва Божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Қирғиз Республикасидан Андижон вилоятига ноқонуний олиб кирилган 1 кг 23 гр “героин” моддасини 18 500 АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинди.

Сирдарёда 2,5 минг дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ушланди

Сирдарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи 1993, 1996 ва 1997 йилларда туғилган 3 нафар шахс ҳаракатланаётган “Cobalt” русумли автомашина Сайхунобод туманидаги “Сайхун” ЙПХ масканида тўхтатилди.

Холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечириш жараёнида автомашина эшик қисмидаги хуфиёна жойдан 2516 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди.

Маълумотларга кўра, ушбу дори воситалари Қўқон шаҳрида “закладка” тарзида қолдирилган жойдан олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг