МИБдан қочган қарздор сохта учрашувда қўлга тушди
Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди чиқарган ҳукмга асосан, қарздор М.О.дан ундирувчи Т.М. фойдасига икки нафар фарзандлари вояга етгунига қадар ҳар ойда қарздорнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
МИБнинг Учтепа туман бўлими иш юритувига келиб тушган мазкур ҳужжат ҳақида эса қарздор отага хабардор қилинган ва огоҳлантириб келинган.
Бироқ, қарздор М.О. давлат ижрочисининг талабларини бажармасдан, тутқич бермай келган.
Давлат ижрочиси қарздорнинг яшаш манзили бўйича бир неча маротаба борганида унинг топиш имконияти бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан расман қидирув эълон қилинган. Қарздор эса ўзи қидирувда эканлигини билиб, узоқ вақт мобайнида яшириниб келган.
Қарздор, ўз навбатида, телеграм мессенжери орқали собиқ турмуш ўртоғи – Т.М.га тунги клубларда дам олаётганлиги акс этган видеоларни мунтазам юбориб турган. Бу эса, табиийки, ундирувчининг ғазабини келтирган ва МИБдан уни топиб, қонуний чора кўриш лозимлигини сўраган.
Шундан сўнг, МИБ давлат ижрочилари ундирувчи билан махсус режа ишлаб чиқишган.
Режага кўра, жорий йилнинг 27 декабрида соат тахминан 10:15 да қарздор М.О. ундирувчи Т.М. ўртасидаги учрашув Учтепа туманидаги хусусий клиникалардан бирига белгиланиб, қарздор учрашувга келган пайтида, қочишга уринган бўлишига қарамай, дарҳол қўлга олинган.
Давлат ижрочиси ҳисоб-китобларга кўра, қарздор расман ҳеч қаерда ишламаслиги сабабли алимент қарздорлик миқдори Ўзбекистон Республикаси ўртача ойлик иш ҳақи миқдори ҳамда Оила кодексининг 140-моддасига асосан ҳисобланганда жорий йилнинг 1 декабрга қадар жами 113 млн 914 087 сўм миқдорида қарздорлик вужудга келган.
Қарздор бир неча маротаба огоҳлантирилганига қарамай алимент мажбуриятини бажармагани оқибатида давлат ижрочиси томонидан МЖтКнинг 47-4-моддаси асосида тўпланган иш ҳужжатлари ЖИБ Учтепа туман судига юборилган.
Суднинг қарори билан эса, қарздор ота М.О. ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter