МИБнинг ҳокимликларга «тиши ўтмайди»ми?
Мажбурий ижро бюросининг Андижон вилояти бошқармаси матбуот анжумани ўтказди. Икки ярим йил деганда биринчи марта. Ташкилотга асос солинганидан буён масъуллар ОАВ ходимлари билан юзма-юз мулоқот қилмаганлиги боис журналистларда саволлар тўпланиб қолган эди. Анжуман анчайин жонли, қизғин ўтганининг сабаби ҳам шу.
Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамидулло Масаитов айтдики, вилоят бўйича тизимда 961 нафар ходим фаолият кўрсатяпти, уларнинг 485 нафари инспекторлар, 154 нафари эса давлат ижрочилари.
Хўш, бюронинг шунча катта «армия»си ўтган тўққиз ой ичида нима юмушлар билан банд бўлди?
Таъкидланишича, ҳисобот даврида истеъмолчилардан энергия ресурслари, сув ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 924,6 миллиард сўм ундирилган. Ўтган йилнинг айни уч чорагида бу кўрсаткич 650 миллиардни ташкил этган экан — ўртада қарийб 273 миллиард сўмлик тафовут бор. Демак, қарздорликлар қисқариб бормоқда, истеъмолчиларда тўлов маданияти шаклланяпти.
Ижро ҳужжатларини якунига етказиш борасида ҳам аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизлик ўсиш кўзга ташланади. Айни йўналишда 789 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ундирилган.
Кейинги пайтда вилоятда оилавий ажримлар сони ортаётгани, ҳатто бу борада республика миқёсида Андижон биринчи ўринда турганлиги энг оғриқли масалалардан.
Муаммо МИБчилар зиммасига-да яхшигина вазифа юклайдики, алимент билан боғлиқ можаролар доим ҳам силлиқ якун топмаслиги барчамизга маълум. Шу сабабли ходимлар алимент тўловидан қочиб юрган оталар билан астойдил мулоқот қилиб, профилактик-тушунтириш ишларига зўр беришяптики, зора, фарзандлари тақдири хусусида яна бир жиддий ўйлаб кўришса, деб. Саъй-ҳаракатлар натижаси ёмонмас – шу кунгача 1198 та оила яраштирилди. Қойилмисиз? Бундай эзгуликка сабабчи бўлган мутахассисларга ҳар қанча таҳсин айтилса, кам.
Сир эмас, бугун бюро ҳақида одамлар турлича қарашларга эга. Асосий эътирозлардан бири – айрим инспектор ва ижрочиларнинг фуқароларга нисбатан қўпол муносабати, муомала маданияти етишмаслиги. Бирники – мингга, мингники – туманга дегандек, ора-сира учраб турувчи ана шундай нохуш вазиятлар тўғрисидаги гап-сўзлар оғиздан оғизга ўтиб, пировардида ташкилотнинг имижи ҳақида салбий фикрлар кўпайишига сабаб бўлаётир. Бундай хабарлар раҳбариятнинг ҳам қулоғига чалинадими? Ёки ходим ва истеъмолчи муносабатларида ҳар доим МИБ вакили ҳақ, унинг айтгани – айтган, дегани – деганми?
Бошқарма мутасаддиларининг таъкидлашича, МИБ ходими ҳамиша ҳақ бўлавермайди. Аҳолининг бу борадаги эътирозларига ўта жиддий эътибор қаратилади. Ножўя хатти-ҳаракат қилаётган инспектор ёки ижрочиларга нисбатан муросасиз муносабат шаклланган. Шу кунга қадар 17 нафар ходимга нисбатан хизмат текширувлари ўтказилганлиги, алқисса, 4 нафари жиноий жавобгарликка тортилиб, 2 нафари вазифасидан озод этилганлиги юқоридаги фикрга яққол исбот.
Бюро фаолиятига оид яна бир нозик масала кўзга ташланяптики, бу жамоатчилик, хусусан, журналистларни анчадан буён қизиқтиради. Айтайлик, оддий фуқаронинг коммунал тўловлардан қарзи бор. МИБ ходими дарров югуриб келади. Тўлов беш кун ичида амалга оширилмаса, тегишли миқдорда жарима солинади, камига қарздорликни сўндириш учун эътибор унинг мол-мулкларига қаратилади. Қисқаси, ҳар қандай вазиятда ижро ҳаракатлари якунига етказилади. Бу – қонун талаби. Аммо суд қарори билан фуқаро манфаатларини кўзлаб, ҳокимликлар зиммасига мажбурият юклатилган ҳолатларда юқоридаги тартиб-таомил қувватини йўқотаётгандай. Ахир ижро ҳужжати айни масалага дахлдор бўлган ҳар бир фуқаро, инчунун, ҳокиму амалдорларга ҳам мажбурий эмасми?
Узоққа бормасдан, ўзимиз билган ҳолатни мисол келтирсак. Андижон тумани ҳокими 2005 йилда бир гуруҳ фуқароларга уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Бироқ ҳокимлар алмашинуви ҳамда бошқа турли сабабларга кўра, йиллар ўтса-да тегишли майдонни ўлчаб бериш масаласи пайсалга солинаверади. Югур-югурдан чарчаган фуқаролар охири судга арзи ҳол қилиб боришади. Суд қарасаки, масала аниқ-равшан – бир деганда ҳал қилув қарори чиқариб, Андижон тумани ҳокимлиги зиммасига даъвогарларга кўзда тутилган ер участкаларини ажратиб бериш вазифасини юклайди. Қарор дарҳол ижрога қаратилади. Шундан сўнг ҳам орадан икки йилдан зиёд вақт ўтса-да, бугунга қадар ер ажратилмасдан, айни ижро ҳужжати «дам еб» ётганлигини қандай тушуниш мумкин? Ёки вақтида қарзини тўламагани учун оддий фуқарога жарима солган МИБнинг ҳокимлик мутасаддиларига чора кўришга «тиши ўтмайди»ми?
Ҳамидулло Масаитовнинг қайд этишича, шунга ўхшаш ҳолатлар бор, бу чиндан-да фаолиятдаги нуқсонлардан бири. Юқорида тилга олинган ижро ҳужжати борасида ҳам бюро томонидан ҳокимлик зиммасига мажбурият юклатилган. Аммо уни бажармаганлик учун амалдорларга чора кўрилмаган. Чунки мажбурият юклатилган ҳолат ижрочининг ваколат чегараси ҳисобланади, яъни қонун талаби шундай. Таъкидландики, тизимнинг амалиётда учраб турадиган бу каби бўшлиқларини тўлдириш, муаммоларга жўяли ечим топиш борасида бошқарма томонидан юқори идораларга қонунчиликка ўзгартириш киритиш юзасидан ҳам таклифлар бериб борилаётир. Насиб этса... Майли, буни энди вақт кўрсатади.
Хуллас, тадбир ташкилотчилари қизғин баҳс-мунозаралар якунида «матбуот анжумани биз учун фойдадан ҳоли эмас экан, энди сизлар билан тез-тез учрашиб турамиз», деган самимий хулосасини очиқ-ойдин айтишди. Оммавий ахборот воситалари давлат идоралари ва халқ ўртасидаги кўприк эканлигини чин дилдан ҳис этишганининг ўзи катта гап. Матбуот учун ҳам энг муҳими шу.
Нурилло Нўъмонов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter