Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қонун «Совға сиёсати» деган алоҳида боб билан тўлдирилади — Акмал Бурхонов

Қонун «Совға сиёсати» деган алоҳида боб билан тўлдирилади — Акмал Бурхонов

Акмал Бурхонов.

«Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди».

«Жиноят кодекси лойиҳасида «коррупцияга оид жиноятлар» тушунчасига аниқ таъриф берилмоқда ва 15 турдаги жиноятлар бу тоифага киритилмоқда».

«Муҳим ўзгариш сифатида коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилмоқда».

Коррупцияга қарши курашиш борасида бундай хушхабарларни тез-тез эшитаяпмиз.

9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш муносабати билан юртимизда «Аксилкоррупция ҳафталиги» ўтказилмоқда.

Мазкур ҳафталик доирасида бугун, 3 декабрь куни «Коррупцияга қарши курашиш ва очиқлик бўйича «Hillton» меҳмонхонасида Тошкент форуми» бўлиб ўтди. Тадбирда Украина, Озарбайжон, Қозоғистон, Малайзия, Хитой, Гурзия, Словения коррупцияга қарши курашиш бўйича идора раҳбарлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар, 100 дан ортиқ вазирлик ва идоралар иштирок этди. 

— Эндиликда, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торожликка йўл қўйиш ёки фирибгарлик жиноятларини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этиш қилмишлари учун 10 йилгача (илгари 5 йилгача) озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилмоқда, —деди Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов. — Шунингдек, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Акмал Бурхонов журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб бериш асносида Тошкент шаҳар ҳокимлигига қора рангли Mercedes-Benz автомобили совға қилингани текшириб кўрилгани ва ҳеч қандай қонун бузилиши бўлмаганини таъкидлаб ўтди.

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасида «совға» тушунчасига аниқлик киритилиб, давлат хизматчилари томонидан совға олиш ва бериш тартибини белгиловчи «Совға сиёсати» деб номланган алоҳида боб билан тўлдирилади.

Бундан ташқари, давлат органларида коррупция ҳолатлари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида қонун билан тартибга солинадиган Давлат хизматчиларининг одоб-аҳлоқ кодекси ишлаб чиқилади ва унда давлат хизматчилари учун чекловларнинг аниқ рўйхати белгиланади.

Табиийки журналистларни, нима учун доимо порахўрликда «майда балиқчалар» айбланишини «акулалар» эса очиқланмаслиги, давлат харидлари соҳасидаги қонунбузилишлар каби саволлар ҳам қизиқтирди.  

— Сардобадаги фожиа ва Жиззахдаги қурилиш билан боғлиқ ҳолатларда вилоят даражасидаги раҳбарлардан тортиб, туман даражасидаги раҳбарларгача жавобгарликка тортилди, — деди А.Бурхонов. —  Агентлик томонидан ўтган давр мобайнида давлат харидлари соҳасида 24 та манзилли ўрганишлар ўтказилди ва доимий масофавий мониторинглар амалга оширилди. Ўрганишлар якуни бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жами 60 га яқин сўровномалар киритилган бўлиб, ушбу сўровномалар бўйича 44 та жиноят ишлари ва 24 та маъмурий ишлар қўзғатилиши таъминланди.

Тадбир доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органининг ўзаро ҳамкорлиги натижасида ишлаб чиқилган ва амалга оширилган «Антикоррупция лабораториялари» лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар амалий намуна сифатида тақдим этилди.

Яна Ўзбекистонда амалга оширилаётган аксилкоррупциявий ислоҳотларни халқаро ҳамжамият вакилларига етказишга қаратилган «Uzbekistan Anti-corruption digest» журналининг илк сони тақдимоти бўлиб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг