Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди

Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ташкил этилди

Жорий йил 30 октябрда имзоланган «Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–201-сон фармон билан стратегик режалаштириш соҳасида бошқарув тизими такомиллаштирилади.

Фармонга кўра, қуйидагилар қайта ташкил этилади:

  • Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш этиб;
  • Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги этиб;
  • Стратегик ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мазкур соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш 1- ва 2-даражали стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳаларини уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқади.

Бунда маъқулланган лойиҳалар кўриб чиқиш учун Президентга киритилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашни ўз ичига олган стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилади.

Стратегик режалаштириш ҳужжатларининг иерархияси қуйидаги тартибда белгиланади:

  • 1-даражали ҳужжатлар концепциялар шаклида;
  • 2-даражали ҳужжатлар стратегиялар шаклида;
  • 3-даражали ҳужжатлар дастурлар («йўл хариталари», чора-тадбирлар режалари) шаклида қабул қилинади.

Бунда:

  • 1-даражали ҳужжатлар 7  йилдан ортиқ муддатга ишлаб чиқилади ва қоида тариқасида қонунлар билан тасдиқланади;
  • 2-даражали ҳужжатлар 4 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва Президент ҳужжатлари билан тасдиқланади.
  • 3-даражали ҳужжатлари 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва Президент ҳужжатлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида тасдиқланади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг