Тошкентда йирик миқдордаги наркотиклар мусодара этилди
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, 1968 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган шахснинг Тошкент шаҳридаги вақтинча яшаш хонадони кўздан кечирилганда 13 килограмм 50 грамм «опий» ҳамда 7 килограмм 137 грамм «гашиш» аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Унга нисбатан Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда унинг жиноий шериклари ва наркотик моддаларнинг келиб чиқиш манбаларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Шунингдек, ДХҲнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда пойтахт ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда виртуал наркоканал ташкил қилган 1991 ва 2000 йилда туғилган икки нафар фуқаро қўлга олинди. Улардан «гашиш» ва «гашиш мойи» мусодара қилинди.
Маълум бўлишича, ушланган шахслардан бири аввал ҳам бир неча жиноятлар учун судланган, иккинчиси эса жорий йил апрель ойида гиёҳвандлик воситалари билан ушланган бўлиб, тергов жараёнида гумондор сифатида иштирок этаётган эди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, мазкур шахслар қонун олдида жавоб беради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter