Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Яккабоғ воқеаси» юзасидан ишчи гуруҳи тузилди. Низоли боғ майдони қайтарилади

«Яккабоғ воқеаси» юзасидан ишчи гуруҳи тузилди. Низоли боғ майдони қайтарилади

Фото: «Дарё»

Ижтимоий тармоқларда эркак бир неча аёлнинг устига бензин сепиб, ёқиб юборишга урингани акс этган видео тарқалгани ҳақида хабар берилганди.

Юзга берган воқеликка  Бош  прокуратура ойдинлик киритди. Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 14.01.2019 йилдаги 14-сонли Қарорига асосан ер майдонларини мақбуллаштириш жараёнида  Яккабоғ тумани «Ўрта» МФЙ  «Хусн» қишлоғи ҳудудидаги  8 та фермер хўжалигига тегишли 11,5 гектар ер майдони туман ҳокимининг 24.01.2019 йилдаги қарорларига асосан заҳира ер фондига қайтарилган.

Ҳокимнинг 27.07.2019 йилдаги Ҳ-4696/07-сонли қарори билан мазкур 11,5 гектар ер «Асқаров Музаффар Жабборович» фермер хўжалигига майдони қўшимча ажратиб берилган.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан 27.01.2020 йилда «Асқаров Музаффар Жабборович» фермер хўжалигига ер майдонидаги олма ва бошқа дарахтлар замбуруғ ва бошқа касалликларга чалиниб, яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли дарахтларни бузиб, ўрнига интенсив боғ барпо этиш бўйича ёзма тавсия берилган.

Шунга кўра, «Асқаров Музаффар Жабборович» фермер хўжалиги 14 февраль куни самарасиз боғни бузишни бошлаган, 29 февраль куни соат 13 ларда боғни бузиш давом эттирилаётган вақтда «Хусн» қишлоғида яшовчи боғнинг собиқ эгалари Т.Омонов, М.Мансуров ва бошқалар таёқ ва тош билан боғни бузишга қаршилик кўрсатган.

Жанжалда иштирок этаётган аёллар 20 литрлик елим идишдаги 5 литрлар чамасидаги дизель ёқилғиси қолдиғини ҳайдов трактори устига сепмоқчи бўлганлар, ҳайдовчи Б.Нормўминов елим идишни аёллардан тортиб олиб, ёқилғи қолдиғини тўкаётганида у қаршилик кўрсатаётган Ў.Бурхонованинг ҳам устига тўкилган.

Ҳайдовчи воқеа жойидан кетганидан кейин Т.Омонов ва бошқалар тарқалишган.

Ҳодиса юзасидан туман ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи ер низоси иштирокчилари билан учрашиб, «Асқаров Музаффар Жабборович» фермер хўжалиги раҳбарига боғни бузишни вақтинчалик тўхтатиб туриш ва ерга эгалик ҳуқуқи масаласи қайта кўриб чиқилиши тушунтирилган, тарафлар тушунтиришдан қаноатланганлар.

Ҳозирда, Вилоят прокуратураси ва ҳокимлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Яккабоғ туманидаги 29.02.2020 йилдаги воқеа ҳолатлари ҳамда ерга оид қонунчилик ижроси аҳволи жойида ўрганилмоқда.

Ишчи гуруҳ томонидан мазкур ҳолат жойига чиқиб ўрганиш давомида «Асқаров Музаффар Жабборович» фермер хўжалиги раҳбари ихтиёрий равишда низоли 11,5 гектар ердан 8,2 гектарини туман ҳокимлиги заҳирасига қайтариш хусусида берган аризаси асосида 02.03.2020 йилда туман ҳокимининг ер майдонини заҳирага олиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси тайёрланган.

Мазкур ҳолат туман ИИБдаги жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни рўйхатга олиш китобида киримга олиниб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг