Яна бир хусусий бандлик агентликда фирибгарлик: 61 нафар фуқаро 2,6 млрд. сўмга чув тушгани айтилмоқда
Яна бир хусусий бандлик агентлигидаги фирибгарлик фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Xabar.uz»га маълум қилмоқда.
Унга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «International Job Organization xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбари Ш.А. ва бошқаларнинг кирдикорларни аниқланди. Яъни, хусусий бандлик агентли раҳбарлари 2019 йил давомида Дания ва Швейцария давлатларига ишга юбориш важи билан 61 нафар фуқароларнинг ҳар биридан 45 млн. сўмдан (жами 2,6 млрд. сўм) олиб, жамиятнинг ҳисоб рақамига ўтказдиришган. Бироқ амалда уларни ишга юбормасдан, фуқароларнинг манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказишгани айтилади.
Бундан ташқари, жамиятга алоқадор шахслар 2019 йилнинг июль ойида Корея Республикасига ишга юбориш важи билан 4 нафар фуқаронинг 16 500 АҚШ доллари ҳамда 125 млн. сўм пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан «International Job Organization xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбари Ш.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter