Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги агентлик ходимлари ўқотар қурол олиб юриш ҳуқуқига эга бўлади

Янги агентлик ходимлари ўқотар қурол олиб юриш ҳуқуқига эга бўлади

Иллюстратив фото

«Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги  фаолиятини, вазифаларини ва асосий йўналишларини тартибга солинган мазкур қонун лойиҳасида қонунийлик, мустақиллик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофликдан Агентлик фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланган.

Шунингдек, лойиҳада Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда:

  • бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, давлат қарзлари, давлат ташкилотлари томонидан ўзлаштириладиган халқаро кредит ва грант маблағлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиб олиш ва ўрганиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини, шунингдек аноним мурожаатларини ҳам кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида коррупция ҳолатларини ўрганиш;
  • оффшор ҳудудлар орқали амалга ошириладиган молиявий операциялар, ҳайрия, спорт ва бошқа ташкилотлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш аломатлари мавжуд ҳолатларни ва коррупция ҳолатларини ўрганиш;
  • хатти-ҳаракатларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган шахсларга нисбатан тўпланган материалларни қонуний чора кўриш учун ваколатли органларга юбориш;
  • ўзига юклатилган вазифаларни тезкор ва ўз вақтида бажариш мақсадида вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаси, рўйхати ва бошқа кўринишдаги ахборот тизимидан фойдаланиш;
  • объектни декларация қилиш, унинг нархини (баҳосини) экспертизадан ўтказиш тартибини белгилаш;
  • мол-мулк ва даромадларни декларация қилиш қоидаларини бузган мансабдор шахс ва фуқароларга оид материалларни қонуний чора кўриш учун ваколатли органларга юбориш;
  • давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларни декларация қилиш йўриқномаси ҳамда шаклини тасдиқлаш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар юзасидан давлат ва банк сирларига тааллуқли бўлган, шунингдек бошқа қонун ҳужжатлари билан ҳимояланган маълумотларни тўғридан-тўғри олиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг обрўсига салбий таъсир кўрсатадиган ҳамда давлат ва жамиятнинг ҳаётий муҳим манфаатларига жиддий зарар етказадиган коррупцион ҳуқуқбузарликлар юзасидан тезкор қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш;
  • Агентликнинг тақдимнома, огоҳлантириш ва сўровларига вақтида жавоб бермаслик ёхуд эътиборсиз қолдириш ҳолатлари юзасидан маъмурий баённомалар тузиш каби қатор ҳуқуқ ва ваколатлатлар берилиши назарда тутилмоқда.

Агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома, сўров ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.

Бундан ташқари Агентлик ходимлари хизмат фаолияти даврида ўзларига маълум бўлиб қолган хизмат ва давлат сирларини сақлашга, шунингдек одоб-ахлоқ қоидалари ва хизматни ўташ тартиби тўғрисида низом ҳамда жамиятда ўрнатилган юриш-туриш қоидаларига риоя этишга мажбурдир экани ҳам лойиҳада алоҳида белгилаб қўйилган. Агентлик ходимларига илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиш тақиқланади.

Шунингдек, лойиҳага кўра, Агентликнинг ходимлари хизматни ўташ даврида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Агентлик директорининг розилигисиз Агентлик ходими жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек қамоққа олиниши мумкин эмас.

Агентлик ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқотар қурол ҳамда бошқа шахсий ҳимоя воситаларини олиб юриш ҳуқуқига эга.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг