Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёлғон хайриялар ортидаги террор: ота қамоқда, ўғил қидирувда

Ёлғон хайриялар ортидаги террор: ота қамоқда, ўғил қидирувда

Бугунги кунда халқаро террористик ташкилотлар ижтимоий тармоқлар орқали турли баҳоналар билан “мазлумларга ёрдам”, “хайрия акцияси” деган шиорлар остида пул йиғиб, ўз фаолиятини молиялаштиришга уринмоқда. Бундай алдовларга, айниқса, етарли дунёқараш ва диний саводга эга бўлмаган ёшлар тушиб қолмоқда, дейилади ДХХ хабарида.

Маълум бўлишича, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс ёт ғоялар таъсирига тушиб, 2019 йилда Сурия ҳудудидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилган. У жангарилар сафида фаолият олиб бориш билан бирга, ижтимоий тармоқлар орқали турли баҳоналар билан пул йиғиш ва ташкилотнинг молиявий таъминотини яхшилаш билан шуғулланган.

Тергов маълумотларига кўра, 2021–2025 йиллар давомида у интернет орқали Ўзбекистон фуқаролари билан мулоқотга киришиб, уларнинг криптовалюта кўринишида пул юборишига даъват қилган. Натижада катта миқдорда маблағ тўпланган. Ҳозирда унинг алдовларига учиб, пул юборган 8 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 155³-моддаси (терроризмни молиялаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, ушбу шахс ўзининг жиноий фаолиятига 1965 йилда туғилган отасини ҳам жалб қилган. 2022–2025 йиллар давомида ота “BINANCE” халқаро крипто-биржаси орқали жами 13 597 USDT криптовалютасини ўғлига юборган.

Қайд этилишича, мазкур фуқаро муқаддам диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни тарқатгани учун 2019 йилда Жиноят кодексининг 244¹-моддаси асосида 5 йилга озодликдан маҳрум этилган, кейинчалик шартли равишда озод қилинган эди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида унинг ҳаракатларига чек қўйилиб, жиноят иши қўзғатилди.

Бухоро шаҳар суди ҳукмига кўра, 1965 йилда туғилган фуқаро Жиноят кодексининг 155³-моддаси 2-қисми “а” банди ва 278⁸-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Унинг 1999 йилда туғилган ўғли эса Жиноят кодексининг 244¹, 244², 155² ва 155³-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг