Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ЙПХ ходимларини суратга олиб, интернетга тарқатиш ростанам тақиқландими?

ЙПХ ходимларини суратга олиб, интернетга тарқатиш ростанам тақиқландими?

Ижтимоий тармоқларда, турли каналлар ва гуруҳларда ЙПХ ходимлари билан мулоқот давомида ўз хизмат вазифаларини бажараётган ЙПХ ходимларини расмга ёки видеога олиб интернетга жойлаштиришлари тақиқлангани ҳақидаги хабарлар урчиб кетди.

Хўш, аслида ҳам шундайми? Йўқ, бу хабарлар ҳозирча фейк. Чунки гап 2022 йил 12 апрель куни имзоланган «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш» ҳақидаги ҳукумат қарори ҳақида кетяпти.

Эсингизда бўлса, ушбу қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилганда юқоридаги низомнинг 19-бандига қуйидаги янги хатбоши қўшиш таклиф қилинган: «ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирмаслик».

Мазкур қўшимча жамоатчиликнинг катта эътирозига сабаб бўлган. Бу инсон ҳуқуқларининг топталиши дея таърифланган. Ҳатто Бош прокуратура ҳам жиддий эътироз билдирганди.

12 апрель куни имзоланган ҳукумат қарорига кўра, 19-бандга киритилиши керак бўлган мазкур қўшимча чиқариб ташланган. Яъни муҳокамада жиддий қаршиликка учрагани учунми, янги қарорда бу ҳақда умуман гап йўқ. Фақат олд қатордаги йўловчиларнинг камар тақиши, дислокация сўрамаслик, маст ҳайдовчини аниқлаш, фоторадар ва бошқа ускуналардан фойдаланиш каби ўзгартиришлар бор холос.

Демак, бир неча кундан бери айланаётган ЙПХ ходимларини суратга олиб интернетда тарқатиш тақиқлангани ҳақидаги хабарлар ҳозирча ёлғон, чунки ҳуқуқий асоси йўқ. Бундай фейк хабарларга қарши ички ишлар органлари ва АОКА дарҳол муносабат билдириб, рад этиб чиқарди, негадир бу гал мум тишлаб туришибди.

Балки муҳокамага қўйилган қарор номини ўзгартириб, бошқа низомга қўшимча киритишгандир, биз кўрмай қолгандирмиз. Унда расман изоҳ беришса, ҳаммага яхши бўларди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг