Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аёллар сотиб олган эмас, олмоқчи бўлган харидини ўйлайди — «Миллий банк» мижозидан маслаҳат

Аёллар сотиб олган эмас, олмоқчи бўлган харидини ўйлайди — «Миллий банк» мижозидан маслаҳат

Жиззах вилояти, Арнасой туманида жойлашган текстил корхонасининг ўрни илгари чўл эди. Уч йил муқаддам туманда «Arnasoy gold Tex» МЧЖ ишга туширилди. Ҳозир бу ерда 600 дан ошиқ иш ўрни яратилди. Яна 600 киши ишга олиниши режалаштирилмоқда. Бу ишларнинг барчаси Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки кўмагида амалга оширилди.

Туркиялик мутахассис Адем Терзи корхонада маслаҳатчи-бошқарувчи сифатида иш бошлаганига ҳам уч йилдан ошди. Бу вақт ичида у ўзбек ва рус тилларини ўрганиб олди.

— Ўзбек тилини икки ҳафтада ўрганиб олдим. Ҳеч қандай муаммо бўлмади. Ҳар ҳолда қардошлармиз. Аммо рус тилида гапириб кетиш жуда қийин бўлмоқда. Ҳозирча оддий гаплар билан мулоқот қила оламан ва тўлиқ тушунаман. Мижоз тилини тушуниш жуда муҳим, — дейди туркиялик мутахассис. — Буни менга болалигимдан ўргатишган. Катта боболаримиз тўқимачи-ҳунарманд бўлган, 1840 йилда Истанбулда дўкон очган. Улар қўлда тайёрлаган маҳсулотлар ҳозир ҳам уйимизда сақланади. Оиламизда туғилган ҳар бир чақалоқнинг генида бу касб бор. Мато тайёрлаш, тикиш — биз бу ишдан бошқасини уддалай олмаймиз.

Корхонада ўзбек пахтасидан юз фоизли сифатли текстил матоларидан кийим-кечак, сочиқ ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу маҳсулотнинг барчаси хорижга экспорт қилинади. Шу ўринда савол туғилади: ўзбек пахтаси хорижга маҳсулот етказиб бериш даражасида сифатлими?

— Ҳа, ўзбек пахтаси сифатли, — дейди Адем Терзи. — Аммо уни қайта ишлаш жараёни сифатли эмас. Мен Ўзбекистоннинг барча ҳудудидаги пахталарни таҳлил қилдирганман — Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах, Сирдарё, водий. Ўзбекистон тугул дунёдаги анча-мунча давлатларда етиштирилган пахталарни ўрганганман. Шунинг учун бемалол айта оламанки, ўзбек пахтасининг сифати жуда яхши. Бироқ уни қайта ишлаш яхши эмас. Пахта масаласида жуда эхтиёт бўлиш лозим. У ҳам худди боладек, агар қаердадир хато қилсангиз, маҳсулот сиз истагандек бўлмайди.

Айниқса бўяш жараёни ачинарли. Пахтага турли кимёвий элементлар билан ишлов берилгандан сўнг матонинг ҳаво ва сув ўтказувчанлиги бузилади. Агар мато ҳаво ўтказмаса, сув ҳам ўтказмайди. Сифатли сочиқни қандай аниқлайсиз, биласизми? Жуда осон. Шунчаки сочиқни оласиз, тахлайсиз ва сув устига қўясиз. Агар у чўкса, яхши сочиқ. Агар сузса, демак ёмон сочиқ. Афсуски Ўзбекистонда ҳозир аксарият сочиқлар сузмоқда.

Адем Терзи билдирган фикрлар орасида яна бири жуда қизиқарли бўлди — текстил маҳсулотларига аёллар кўпроқ қизиқади.

«Эркак киши ҳеч қачон бозорга тушиб, ўзига сочиқ ёки пайпоқ олмайди. Уни сиз учун кўпинча онангиз, опа-синглингиз ёки рафиқангиз сотиб олади. Аёл киши эса сотиб олган эмас, энди олмоқчи бўлган хариди ҳақида ўйлайди.

Бизнинг маҳсулотларимиз Чехия, Эстония, Латвия, Литва, Полша, Россия, Баҳрейн, Қатар ва БААга кетади. Корхонамиз ҳар бир мамлакат аёлларининг дидига мос ранг танлашга ҳаракат қилади. Масалан, Россиянинг ўзида ҳудудларга қараб турли маҳсулотларга қизиқиш билдирилади. Айтайлик, Кавваздаги чечен ёки доғистонлик аёлларга қизил ранг ёқади. Марказий ҳудудлардаги рус аёлларига эса пушти, олча рангли сочиқлар керак. Аксинча, Москва шаҳрида яшил рангли маҳсулотни сотиш жуда қийин», — дейди Терзи.

Миллий банк томонидан Жиззах вилоятига ташкил этилган пресс-тур давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг