Ўзбекистон исломий облигациялар — сукук чиқаришни бошлайди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантириш ва муқобил молия воситаларини кенг жорий этиш бўйича режаларни маълум қилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатда янги авлод молия технологиялари ва инвестиция бозорлари жадал ривожлантирилмоқда. Сўнгги йилларда халқаро бозорларда 16 миллиард доллардан ортиқ облигациялар жойлаштирилди. Шу билан бирга, миллий валютадаги корпоратив еврооблигациялар ҳам муомалага чиқарилди.
Президент илк бор 13 та стратегик корхона активларини бирлаштирган Миллий инвестиция жамғармасининг 30 фоиз акциялари Тошкент ва Лондон фонд биржаларида жойлаштирилганини қайд этди. Бу Лондон фонд биржасида сўнгги беш йилдаги энг йирик IPO бўлган.
Шунингдек, қатор йирик компанияларни оммавий савдоларга чиқариш бўйича тайёргарлик ишлари давом этмоқда.
Мазкур ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида «Капитал бозори тўғрисида»ги ва «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонунларни қабул қилиш режалаштирилган.
Президент Ўзбекистонда халқаро клиринг компаниялари фаолияти учун ҳам кенг имкониятлар яратилишини билдирди.
Бундан ташқари, инвестиция оқимларини диверсификация қилиш мақсадида суверен ислом облигациялари — сукук чиқариш дастури йўлга қўйилади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу чоралар маҳаллий корхоналарга камида 10 миллиард доллар қўшимча капитал жалб қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, хусусийлаштириш дастури доирасида жорий йилда 6 миллиард долларлик кўчмас мулк объектлари, давлат улушлари ва ер участкалари аукционга чиқарилиши режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter