Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва ЕИ савдо ҳажми 9 ой ичида 14,8 фоизга ўсди

Ўзбекистон ва ЕИ савдо ҳажми 9 ой ичида 14,8 фоизга ўсди

Владимир Норов ва Тери Ҳакала.

Фото: «Дунё» АА

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажми 3,13 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу тариқа ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоиз ўсиш кузатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳамда Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Ҳакала ўртасида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.

«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, учрашувда инвестиция, савдо, фан-таълим, экология, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 6 июлда Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (КШҲТБ) парафирлаш (дастлабки имзолаш) маросими бўлиб ўтди. Янги ҳужжат 1996 йилда имзоланган амалдаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўрнига ишлаб чиқилган ҳамда икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили битимнинг тез фурсатда имзоланиши зарурлиги борасида якдиллик билдирган.

Яна саноқли кунлардан кейин, 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг вазирлар даражасидаги учрашуви ҳамда Марказий Осиё билан ўзаро алоқадорлик бўйича ЕИнинг биринчи минтақавий анжумани ўтказилади. Самарқанд анжуманида рақамли робиталарни такомиллаштириш, транспорт тармоғи, қишлоқ хўжалиги ва энергетикани ривожлантириш каби муҳим масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Мулоқот давомида В.Норов ҳамда Т.Ҳакала ушбу йирик анжуманнинг  ташкилий жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашди.

Эслатиб ўтамиз, финляндиялик дипломат Тери Ҳакала ўтган йил ёзда ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили этиб тайинланган. У ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили раҳбарлигида фаолият юритади ва унинг умумий ташқи ҳамда хавфсизлик сиёсатини амалга ошириш бўйича ишларига кўмаклашади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг