Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон халқаро туризм ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

Ўзбекистон халқаро туризм ҳамкорлигини кенгайтирмоқда

Берлин шаҳрида (Германия) “ITB Berlin” халқаро туризм кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган UN Tourism туризм вазирлари саммитида иштирок этган Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси мамлакатимиз туризм салоҳиятини халқаро майдонларда кенг тарғиб қилиш ва туристик оқимни ошириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида халқаро ташкилотлар ва бизнес вакиллари билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Озарбайжон Республикаси Давлат туризм агентлиги раиси ўринбосари Азада Гусейнова билан ўтказилган учрашувда икки томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш, янгиланган Ўзаро англашув меморандумини имзолашга тайёргарлик ҳамда қўшма маркетинг ташаббусларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар ўзаро FAM-турлар ва блогерлар ташрифларини ташкил этиш, тур операторлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек Европа ва Жануби-Шарқий Осиё бозорларига йўналтирилган қўшма туристик маршрутларни шакллантириш имкониятларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Trip.com Group компаниясининг глобал дестинациялар маркетинги бўйича вице-президенти Эдисон Чен билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини компаниянинг рақамли платформалари орқали кенг тарғиб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар қўшма маркетинг кампанияларини амалга ошириш, шунингдек мамлакат учун махсус онлайн саҳифа яратиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Музокаралар якунида Жануби-Шарқий Осиё бозорларига қаратилган қўшма маркетинг ташаббусини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

ICCA (International Congress and Convention Association) бош директори Сентхил Гопинат билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистонда MICE-туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, “Convention Bureau” моделини жорий этиш, халқаро ассоциациялар тадбирларини жалб қилиш ҳамда ICCA‘нинг таҳлилий инструментларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хива шаҳридаги “Arda Khiva” мажмуасини янги MICE-дестинация сифатида илгари суриш ҳамда йирик халқаро конгрессларни жалб этиш бўйича маслаҳатлашувларни давом эттиришга келишиб олинди.

Шунингдек, “SHL (Schweizerische Hotelfachschule Luzern)” Швейцария меҳмонхона бошқаруви мактаби Стратегик ҳамкорлик ва халқаро бизнес бўйича директори Мартин Барт билан учрашувда меҳмондўстлик саноати учун замонавий кадрлар тайёрлаш, амалий таълим дастурларини жорий этиш ҳамда Самарқанд шаҳридаги “UN Tourism Academy” билан академик ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ҳамкорлик форматларини аниқлаштириш бўйича ишчи мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Мазкур учрашувлар Ўзбекистоннинг халқаро туризм майдонидаги фаоллигини янада ошириш, мамлакатни жозибадор ва рақобатбардош дестинация сифатида илгари суришга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг