Ўзбекистонда иш ҳақи ўсди, аммо минтақадаги давлатлардан орқада қолмоқда

2025 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда иш ҳақининг ўсиш суръати давом этди. Марказий банк маълумотларига кўра, номинал иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга, реал иш ҳақи эса 7,3 фоизга кўтарилди. Бу даврда мамлакат бўйича ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 6 миллион сўмни ташкил этди.
Соҳалар кесимида молия ва суғурта ҳамда ахборот ва коммуникация хизматлари йўналишларида иш ҳақи энг юқори бўлиб қолмоқда — мос равишда 16,3 млн сўм ва 14,8 млн сўм. Шу билан бирга, ахборот, транспорт ва ижтимоий хизматлар соҳаларида иш ҳақининг ўсиши бошқа тармоқларга нисбатан юқорироқ қайд этилди.
Энг паст ўсиш қурилиш соҳасида кузатилди: номинал иш ҳақи 6,1 фоизга ошган бўлса, реал ҳисобда 2,8 фоизга пасайди.
Ҳужжатда таъкидланишича, сўнгги чоракларда Ўзбекистонда реал иш ҳақининг ўсиши минтақадаги давлатларга нисбатан паст. Жорий йилнинг январ–март ойларида Марказий Осиё давлатларида бу кўрсаткич ўртача 9,8 фоизни, Кавказ давлатларини ҳисобга олганда эса 9,1 фоизни ташкил этди. Ўзбекистонда эса реал иш ҳақи ўсиши 7,2 фоиз бўлди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай тафовут узоқ муддат сақланиб қолса, аҳоли харид қобилияти ва ички талабнинг пасайишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, 2025 йил иккинчи чорагида Ўзбекистонда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 91 АҚШ долларига тенг бўлди. Солиштириш учун, Беларусда бу кўрсаткич 243 доллар, Озарбайжонда 235 доллар, Монголияда эса 222 долларни ташкил этди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда минимал иш ҳақининг аҳоли жон бошига ЯИМга нисбати 35 фоизга етди. Мутахассислар бу кўрсаткич юқори бўлган мамлакатларда даромадлар нисбатан тенг тақсимланишини, паст бўлган ҳолларда эса аҳоли ўртасидаги даромад нотекислигини англатишини қайд этмоқда. Минтақадаги Қозоғистон, Қирғизистон ва Грузиядан ташқари аксарият давлатларда бу кўрсаткич Ўзбекистонникига яқин даражада шаклланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter