Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда GSP+ имтиёзидан энг кўп фойда кўраётган йўналишлар очиқланди

Ўзбекистонда GSP+ имтиёзидан энг кўп фойда кўраётган йўналишлар очиқланди

Ўзбекистонда Европа Иттифоқининг GSP+ имтиёзларидан энг кўп фойдаланадиган ишлаб чиқариш сегментлари тўқимачилик ва тайёр кийим маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, мевалар, ёнғоқлар ва сабзавотлар бўлиб турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

500 миллиондан ортиқ аҳолига эга Европа Иттифоқи дунёдаги энг йирик бозорлардан биридир. Масалан, Европа тўқимачилик саноати маҳсулотларининг бозори – 98 миллиард, чарм-пойабзал буюмлари – 24 миллиард, қишлоқ хўжалиги саноати – 24 миллиард долларни ташкил этади.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон 2021 йил апрель ойидан ЕИнинг GSP+ тизимига аъзо бўлган. Шу тариқа мамлакатимиз Европа бозорига 6200 дан ортиқ товар позицияларини божсиз экспорт қилиш имконига эга бўлди.

GSP+ бенефициари мақоми туфайли икки томонлама савдо сезиларли даражада ошмоқда. 2016 йилда ЕИ билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,98 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич икки бараварга ошиб, 4,5 миллиард долларга етди. Ўсиш давом этмоқда.

GSP+ бенефициари сифатида Ўзбекистон мазкур тизимга киритилган маҳсулот турларининг учдан икки қисмига тарифларнинг тўлиқ бекор қилиниши ҳисобига қўшимча иқтисодий фойда олиш имкониятига эга. Бу эса, ўз навбатида, экспорт ҳажми ўсиши ва қўшимча инвестициялар жалб қилишга хизмат қилади. Барқарор ривожланиш соҳасидаги GSP+ мажбуриятлари Ўзбекистоннинг ишончли иқтисодий ҳамкор сифатидаги мавқеини ҳам мустаҳкамлайди.

ЕИ 2024–2034 йилларга мўлжалланган янги муддатда Ўзбекистоннинг GSP+ тизимининг бенефициари  сифатидаги мақомини узайтириши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил октябрь ойида Остонада ўтказилган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитидаги чиқишида мамлакатимиз GSP+ тизимига қўшилганидан сўнг юқори қўшилган қийматли ўзбек маҳсулотларининг экспорти қарийб икки баробар ошганини қайд этгани ҳолда, умумий рақамлар мавжуд улкан имкониятларга мос эмаслигини таъкидлаган ва уни ошириш йўлларини таклиф қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг