Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини тузишни таклиф этди

Шавкат Мирзиёев Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини тузишни таклиф этди

Фото: Президент матбуот хизмати.

16 ноябрь куни «Кўксарой» қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида давлатимиз раҳбари ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, «Suez», «Calik Holding», «Cengiz Enerji», «Halyk Bank», «VEON Group», «TBC Bank», Абу-Даби тараққиёт фонди, «ACWA Power», «Zeppelin International AG», «EDF», «AME International», «CNH Industrial», «Youngone Corporation», «Procter & Gamble», «Mitsui», «Sojitz Generation DMCC», «KIA Motors», «General Electric», «John Deere», «Silverleafe», «Knauf», «White&Case» каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, шунингдек, халқаро молиявий институтлар – Жаҳон банки, Халқаро молиявий корпорация, Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.

Хорижий инвесторлар кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 ноябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси илғор жаҳон тажрибаси ва амалиётларига таянган ҳолда Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳатлар беришдан иборат.

Ушбу маслаҳат органининг биринчи сессиясида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакатимизда устувор йўналишларда аниқ кооперация лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида глобал миқёсдаги инқирозли ҳодисалар шароитида, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган яқин ҳамкорликка бўлган эҳтиёж ортиб бораётган вазиятда бугунги йиғилиш алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, миллий иқтисодиётимизнинг очиқлигини таъминлаш ва унинг халқаро бозорларга интеграцияси учун зарур шароитлар яратиш ушбу янгиланишларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олингани қайд этилди.

Жумладан, валюта бозори эркинлаштирилди, хусусий инвесторларга энергетика, геология-қидирув, кимё ва нефть кимёси, тиббиёт ва таълим каби соҳаларда фаолият юритиш имкониятлари кенгайтирилди.

Хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича инқилобий қарорлар қабул қилинди. Бу соҳада икки юздан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Тадбиркорликнинг солиқ юки қисқартирилди, хорижий инвестициялар учун максимал даражада қулай шароитлар яратилмоқда.

Натижада, пандемия ва ташқи бозорлардаги оғир вазиятга қарамасдан, иқтисодий ўсишнинг ижобий динамикаси сақлаб қолинди ва давом эттирилмоқда. Сўнгги 5 йилда иқтисодиётимизга кириб келган хорижий инвестициялар ҳажми 10 баравар ошиб, қарийб 40 миллиард долларни ташкил этди.

Президентимиз, энг аввало, саноат соҳаларини модернизация ва трансформация қилиш, ишлаб чиқариш, коммунал ва транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантиришга янада кўпроқ инвестицияларни йўналтириш учун аниқ лойиҳа ва дастурлар ишлаб чиқилганини кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистон етакчиси кенгаш доирасидаги фаолиятнинг бош мақсад-вазифаларни ҳамда хорижий инвесторлар билан шерикликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Бу, энг аввало, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашдир. Шу маънода давлатимиз раҳбари кенгаш ҳузурида Инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасини тузишни таклиф этди.

Ўзбекистон банк-молия соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга интилиб, сармоядорларнинг бу соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслари учун очиқ экани таъкидланди.

Мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири – давлатнинг иқтисодиётдаги улушини камайтириш ва хусусийлаштиришни кенгайтириш. Барча тармоқларда давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий қилинмоқда.

Ўзбекистон табиий ресурслар борасида улкан имкониятларга эга экани, уларни ўзлаштиришда иштирок этиш учун хорижий инвесторларга кенг шароитлар яратилгани кўрсатиб ўтилди.

«Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси қабул қилинган ва амалга оширилмоқда. Унинг доирасида мамлакатимиздаги рақамлаштириш жараёнларига хориждан сармоя ва технологияларни фаол жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

«Яшил» иқтисодиётни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш ва мутахассислар тайёрлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.

Ўзбекистон Президенти йиғилишда ҳозир бўлган барча инвестор ва ҳамкорларни қайд этилган лойиҳа ва дастурларда фаол иштирок этишга чақирди.

Мажлисда сўзга чиққан Кенгаш аъзолари кейинги йилларда Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурининг юксак муваффақиятларини, улар натижасида бизнес билан шуғулланиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароитлар яратилганини қайд этдилар. Инвесторларнинг фаолиятига ҳар томонлама кўмак кўрсатилаётгани учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик, бундан буён ҳам ўзаро манфаатли шериклик қилишга тайёрлик билдирилди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти хорижий инвесторлар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, бугунги мажлисда билдирилган таклифлар асосида аниқ муддат ва ижрочиларни кўрсатган ҳолда «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг