Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Тожикистон томонига қатор таклифлар билан чиқди

Шавкат Мирзиёев Тожикистон томонига қатор таклифлар билан чиқди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Музокараларда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари, чегарадош вилоятлар раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Тожикистон етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли биродар мамлакатларнинг муносабатлари тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги даражасига кўтарилгани қайд этилди.

- Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан беқиёс ишларни амалга оширдик ва улар ўзаро муносабатларимиз солномасидан ўрин олди, - деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Томонлар стратегик шерикликни кенгайтиришда қатъий экани ва бу борада аниқ чораларни кўришга тайёрлигини таъкидладилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги улкан салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги “ўсиш нуқталари”ни топиш муҳим эканини айтди. Шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш муҳим, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ўзаро товар етказиб бериш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, учинчи мамлакатларга биргаликда чиқиш имкониятларини излаш лозим.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мамлакатларимиз ҳудудлари ва етакчи корхоналарининг саноат кооперациясини кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

- Муваффақиятли ҳамкорликнинг реал мисоллари ва истиқболга мўлжалланган аниқ режаларимиз бор.

Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон автомобилларини йиғишни ташкил этиш, замонавий трансформаторлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, маиший техника ва қурилиш материаллари, калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакатларимиздаги бошқа қўшма лойиҳаларни тилга олиш лозим, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси фаолиятини илғор хорижий тажриба асосида самарали йўлга қўйиш ҳамда унинг имкониятларидан лойиҳаларни илгари суришда максимал даражада фойдаланиш зарур.

Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик йўналишдир. Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шаҳарлар ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш ва автобус қатновларини тиклашни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев икки мамлакат вилоятлари ва туманлари кесимида тўғридан-тўғри тизимли мулоқотни йўлга қўйиш муҳим эканини таъкидлади.

Куни кеча Хатлон вилоятининг Бохтар шаҳрида ўтган биринчи Ҳудудлараро форум бундай шаклдаги ҳамкорликнинг самарадорлигини яна бир бор исботлади.

- Масалаларни тезкор ҳал қилиш учун ҳудудлар раҳбарлари изчил “ҳаракатлар режалари”ни келишиб олишлари ва ҳар ой камида бир марта жойларда учрашувлар ўтказиб боришлари лозим, - деб қайд этди давлатимиз раҳбари.

Икки мамлакатнинг улкан гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва сувдан фойдаланиш масалалари бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Етакчилар анъанавий фаол гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар. Давлатимиз раҳбари дипломатик муносабатларимиз ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган қўшма маданий тадбирлар дастурини амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари фестивалини ташкил этиш, Душанбе ва Тошкентда замонавий ўзбек ва тожик адабиётининг танланган асарлари - антологияларини нашр этишни таклиф этди.

Музокараларда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасида, айниқса Афғонистонда юзага келаётган вазият асносида ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани қайд этилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон Афғонистон бўйича тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, уни минтақавий иқтисодий шерикликка фаол жалб этиш тарафдори экани таъкидланди.

Томонлар БМТ, МДҲ, ШҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттириш ва бир бирини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқладилар.

Президент Эмомали Раҳмон Тожикистон биродар Ўзбекистон билан ҳамкорликда эришилган бугунги юксак даражани қадрлашини, бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади. Музокаралар чоғида келгуси ишлар учун режалар белгилаб олингани, уларнинг натижалари икки мамлакат стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш учун янги омил бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг