Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда Япония кўмагида замонавий энергосамарадор қурилма ишга туширилди

Тошкентда Япония кўмагида замонавий энергосамарадор қурилма ишга туширилди

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ Тошкент иссиқлик электр маркази филиалида Япония молиявий кўмагида  умумий қуввати 64 МВт бўлган янги газ-турбина қурилмаси фойдаланишга топширилди.

Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Бито Ёшибуми ушбу энергоиншоотда бўлди. Меҳмонларга Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Жўраев ҳамроҳлик қилди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 115,7 млн АҚШ долларига тенг бўлиб, уни бунёд этишда Туркиянинг «Çalik Enerji» компанияси бош пудратчи бўлди. Қурилмага Япониянинг «Mitsubishi» компанияси ишлаб чиқарган юқори самарадор газ турбинаси ўрнатилди. Бу эса ёқилғи сарфини камайтириб, маҳсулот таннархини пасайтириш имкониятини беради.

Қурилма ишга туширилиши натижасида электр маркази томонидан йилига қўшимча 515,6 миллион киловатт соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади.

«Ушбу лойиҳа ҳудудда электр ва иссиқлик энергиясини барқарор таъминлаш ҳамда энергия самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Япония ҳукумати Ўзбекистоннинг барқарор ва сифатли иқтисодий ўсишига ҳисса қўшадиган ҳамкорликни ривожлантиришда давом этади», – дейилади Япония элчихонаси хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг