Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туя сутидан катта бизнесгача: Ўзбекистон туячиликда янги бозор очмоқчими?

Туя сутидан катта бизнесгача: Ўзбекистон туячиликда янги бозор очмоқчими?

Туячилик кўпчилик тасаввурида чўл ва саҳро ҳудудларига хос анъанавий чорвачилик тури сифатида гавдаланади. Бироқ бугун дунёда туя сути, гўшти ва улардан тайёрланадиган маҳсулотларга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда. Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишни фақат чорва боқиш билан чекламасдан, маҳсулотни қайта ишлаш, қўшилган қиймат яратиш ва янги бозорларга олиб чиқишга асосланган иқтисодий тармоқ сифатида ривожлантириш имкониятлари ўрганилмоқда. Бу жараёнга БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAO экспертлари ҳам жалб этилган.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида туячилик учун муайян табиий ва хўжалик шароитлари мавжуд. Айниқса, чўл ва ярим чўл ҳудудларида туяларни боқиш, улардан чорвачилик маҳсулотлари олиш ва бу йўналишда ихтисослашган хўжаликларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Туянинг ўзига хос биологик хусусиятлари, сув танқислиги ва иссиқ иқлим шароитига нисбатан чидамлилиги уни айрим ҳудудлар учун истиқболли чорва ҳайвонига айлантиради. Бу эса иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш масалалари долзарб бўлиб бораётган бир пайтда туячиликка бўлган эътиборни янада оширади.

Бироқ соҳанинг иқтисодий самарадорлиги фақат туялар сони ёки хўжаликлар кўлами билан белгиланмайди. Бунинг учун сут ва гўшт етиштириш, уларни санитария талаблари асосида қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш, брендлаш ва истеъмолчига етказиб бериш тизими ҳам ривожланиши керак.

Масалан, туя сутидан турли сут маҳсулотлари, жумладан, ферментланган ичимликлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш мумкин. Бу эса хомашё сотишдан кўра юқорироқ қўшилган қиймат яратиш имконини беради.

Айнан шу имкониятларни аниқлаш ва соҳанинг мавжуд муаммоларига ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги БМТнинг Озиq-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти — FAO билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 22–27 ноябр кунлари Агентлик ҳамда Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида FAO экспертларининг республика ҳудудларига ташрифлари ташкил этилмоқда. Мазкур ишлар «Ўзбекистонда туячилик ва туя маҳсулотлари ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Экспертлар дастлаб Қорақалпоғистон Республикасидаги хўжаликлар ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди. Хусусан, Қўнғирот туманидаги Баймирза Ўразбаев хўжалиги, «Қаден ата» МЧЖ ва «Янги йўл» фермер хўжалиги, шунингдек, Мўйноқ туманидаги «Апасиак» туя сути қайта ишлаш корхонаси ўрганилди.

Бу ташрифлар шунчаки хўжаликлар фаолияти билан танишишдан иборат эмас. Уларда туя маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараёнларнинг ҳар бир босқичи таҳлил қилинмоқда.

Хусусан, ишлаб чиқариш ҳажми ва имкониятлари, қайта ишлаш қувватлари, маҳсулот сифатини таъминлаш, сақлаш шароитлари, бозорга чиқишдаги тўсиқлар ва қўшимча қиймат яратиш имкониятларига эътибор қаратилмоқда.

Туячиликни иқтисодий жиҳатдан самарали тармоққа айлантиришда бир нечта муҳим омил ҳал қилувчи аҳамиятга эга:

Биринчиси — озуқа таъминоти. Ҳар қандай чорвачилик хўжалигининг барқарорлиги озуқа базасига бевосита боғлиқ. Шу боис экспертлар туячилик хўжаликларини озуқа билан таъминлаш, маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш ва озуқа етиштириш имкониятларини ҳам ўрганмоқда. Бу борада чорва озуқаси етиштирувчи тадбиркорлар билан ҳам мулоқотлар ўтказилди.

Иккинчиси — қайта ишлаш саноати. Агар туя сути ёки гўшти хомашё сифатида сотилса, маҳсулотнинг иқтисодий салоҳияти тўлиқ намоён бўлмаслиги мумкин. Уни қайта ишлаш, қадоқлаш ва тайёр маҳсулот кўринишида бозорга чиқариш эса ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча даромад манбаини яратади.

Учинчиси — бозор ва сотув тизими. Маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўзи етарли эмас. Унинг истеъмолчига етиб бориши, сифатига нисбатан ишонч шаклланиши, рақобатбардош нарх ва барқарор талаб таъминланиши зарур.

Шунинг учун туя маҳсулотларининг маҳаллий бозордаги ўрни, уларнинг бозорбоплигини ошириш ва сотув каналларини ривожлантириш масалалари ҳам ўрганишларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бугун аграр соҳада фақат хомашё етиштириш эмас, балки уни қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш муҳим иқтисодий вазифага айланмоқда. Туячилик ҳам шу нуқтаи назардан янги имкониятларга эга.

Туя сути ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар, гўшт маҳсулотлари, шунингдек, уларни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар келгусида маҳаллий озиқ-овқат саноатининг алоҳида йўналишини шакллантириши мумкин.

Бу, ўз навбатида, чўл ва ярим чўл ҳудудларида қўшимча иш ўринлари яратиш, фермер ва тадбиркорлар даромадини ошириш, кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Албатта, бу имкониятларни амалиётга татбиқ этиш учун маҳсулот хавфсизлиги ва сифати, ветеринария назорати, қайта ишлаш стандартлари, логистика ва бозор талабларини ҳисобга олиш зарур. Халқаро тажрибанинг жалб этилиши ҳам айнан шу масалаларга тизимли ёндашиш имконини беради. Ўрганишлар Қорақалпоғистон билан чекланмайди. Уларнинг кейинги босқичи Навоий ва Қашқадарё вилоятларида давом эттирилади.

Ташрифлар якунлари асосида FAO халқаро экспертлари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда туячиликни ривожлантириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Уларда ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, озуқа таъминотини мустаҳкамлаш ҳамда туя маҳсулотларининг қўшилган қиймат занжирини такомиллаштириш масалалари қамраб олинади.

Энг муҳими, бу ташаббус туячиликни фақат анъанавий чорвачилик тури сифатида сақлаб қолиш эмас, балки уни замонавий ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва бозор механизмлари билан боғланган истиқболли аграр йўналишга айлантириш имкониятларини излашга қаратилган.

Зеро, қишлоқ хўжалигида янги иқтисодий имкониятлар баъзан мавжуд ресурсларга янгича ёндашувдан бошланади. Ўзбекистонда туячиликнинг келгуси тараққиёти ҳам айнан шу ёндашув, илмий асосланган қарорлар ва халқаро тажрибани маҳаллий шароитга мослаштиришга боғлиқ бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг