Адабиёт музейи тақдирига оид хабарларга ойдинлик киритилди
Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи кўчирилаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга Ўзбекистон Фанлар академияси расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, музей фаолияти тўхтатилмайди. Ҳозирда музейнинг ноёб қўлёзмалари, архив материаллари ва экспонатларини янада ишончли шароитда сақлаш, уларни рақамлаштириш ҳамда келажак авлодларга безиён етказиш мақсадида босқичма-босқич кўчириш ишлари олиб борилмоқда.
Бу жараён Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 майдаги 234-Ф-сонли фармойиши асосида амалга оширилмоқда.
Фармойишга мувофиқ, нодир қўлёзмалар, тошбосма манбалар ҳамда «Ўзбекистон ёзувчилари ва шоирлари архиви» фонди вақтинча Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига, музейнинг бошқа экспонатлари эса Фанлар академиясининг Антропология институтига вақтинча сақлаш учун кўчирилмоқда.
Фанлар академияси маълумотига кўра, ҳозирга қадар:
- 847 та нодир қўлёзма махсус сақлаш хоналарига жойлаштирилган;
- 1 491 та тошбосма манба кўчирилган;
- 439 та фото-нусхалар папкаси;
- 145 та плёнка ва негативлар папкаси;
- жами 1 миллион 416 минг 512 та ҳужжатдан иборат архив фонди бирламчи хатловдан ўтказилган.
Айни пайтда музей ташриф буюрувчилар учун вақтинча ёпилган бўлса-да, муассаса ходимлари ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Қайд этилишича, Янги Тошкент шаҳрида қурилаётган замонавий музей биноси фойдаланишга топширилгач, музейнинг барча фондлари ва экспонатлари тўлиқ янги масканга кўчирилади.
Фанлар академияси фуқароларни ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган маълумотларга эмас, балки расмий ахборот манбаларига таянишга чақирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter