АҚШ ва Европа Иттифоқи билан муносабатлар: Ўзбекистон учун нималар муҳим? (видео)
Бугунги дунёда халқаро сиёсат шиддат билан ўзгармоқда. Бир томонда геосиёсий рақобат кучайса, иккинчи томонда эса янги иқтисодий ва хавфсизлик масалалари кун тартибига чиқмоқда. 2025-2026 йиллар халқаро муносабатлар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда.
Жумладан, бу йил Америка Қўшма Штатлари мустақиллигининг 250 йиллигини нишонлайди, бу нафақат тарихий сана, балки АҚШнинг келажакдаги глобал мақсадларини белгилаб бериш нуқтаи назаридан ҳам муҳим воқеа ҳисобланади.
Шунингдек, бугун ҳар бир учрашув, саммитларда хавфсизлик, мудофаа харажатлари ва янги таҳдидларга қарши кураш масалалари муҳокама қилиняпти.
Бундай жараёнлар фонида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, АҚШ ва Европа Иттифоқи билан муносабатлари, Марказий Осиёнинг халқаро майдондаги ўрни ҳақида ҳам кўплаб саволлар пайдо бўлмоқда.
Ана шу долзарб мавзулар юзасидан сиёсатшунос олим, эксперт Сайфиддин Жўраев билан суҳбатлар давом этади.
Экспертдан:
– Америка Қўшма Штатлари мустақиллигининг 250 йиллиги юбилейи, АҚШ ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишлари нималардан иборат эканлиги, Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон бу сиёсатда қандай ўрин тутиши ҳақида фикрларини сўрадик.
Бундан ташқари кейинги йилларда Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари янги босқичга кўтарилаётгани ҳамкорликнинг энг истиқболли соҳалари, Европа Иттифоқи қандай асосий синовлар олдида тургани, иқтисодий рақобат, миграция, хавфсизлик ва энергетика каби масалалар бўйича вазиятни қандай баҳолаши билан қизиқдик.
Суҳбат давомида янги сиёсий фикрлар қарама-қаршилиги бўлаётган бир пайтда Ўзбекистон қандай ташқи сиёсий ёндашувни сақлаб қолиши муҳимлиги ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.
Халқаро сиёсатда кечаётган жараёнлар энди фақат йирик давлатлар тақдирига эмас, балки ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти ва хавфсизлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. АҚШнинг 250 йиллиги, НАТО ва Европа Иттифоқи доирасида қабул қилинаётган қарорлар, халқаро муносабатлардаги янги тенденциялар – буларнинг барчаси келажак дунё тартиботини шакллантирувчи муҳим омиллардир.
Энг муҳими, Ўзбекистон ҳам бу жараёнларни кузатувчи эмас, балки халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлган фаол иштирокчи сифатида ҳаракат қилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter