Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Академик Турғунпўлат Даминов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирилди

Академик Турғунпўлат Даминов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Академик Турғунпўлат Даминов вафот этди

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.

Таниқли олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Турғунпўлат Даминов 2022 йилнинг 6 февраль куни 81 ёшида вафот этди.

Т.Даминов 1941 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган.

1964 йил Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тиббиёт академияси)ни тугатиб, меҳнат фаолиятини мазкур олий таълим муассасасида стажёр-тадқиқотчиликдан бошлади. Кейинчалик аспирантурада таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди.

2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги этиб сайланди.

Заҳматкаш олим ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент давлат тиббиёт институти доценти, кафедра мудири, ректори, Тошкент педиатрия илмий-текшириш институти директори лавозимларида самарали меҳнат қилди. Тошкент тиббиёт академиясида ёшларга сабоқ бериб, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.

Т.Даминов ўз илмий фаолиятида индукторларни болалар касалликларига татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, кўп йиллик изланишларидан сўнг янги турдаги бензонал индуктор амалиётда қўллана бошланди. Натижада, ўткир ва давомли гепатит касаллигининг сурункали шаклга ўтмаслигини таъминлаб берадиган асосий препарат даволаш жараёнига самарали жорий этилди.

Т.Даминов 6 та дарслик, 14 та монография, 45 дан зиёд илмий-услубий қўлланма ва тавсияномалар, ўнлаб мақолалар муаллифидир.

Унинг бевосита раҳбарлигида 21 та фан доктори ва 45 га яқин фан номзодлари тайёрланган.

Т.Даминов мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида самарали фаолият олиб борди.

Академик Т.Даминовнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилди. У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган шифокор» фахрий унвони, «Дўстлик» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган эди.

Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Турғунпўлат Обидович Даминовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов, А.Арипов, Б.Йўлдошев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг