Путин «Крокус» теракти учун ўч олишга чақирди. Кимдан?
Владимир Путин «Крокус» учун теракт иштирокчилари ва ҳомийларидан қасос олишни талаб қилди. Ҳужум учун масъулиятни экстремистик ташкилот ўз зиммасига олган, аммо Москва эҳтимолий «Украина изи» ҳақида гапирмоқда.
Халқаро терроризм замонамизнинг асосий таҳдидларидан бири бўлиб қолмоқда, террорчилар давлатларни беқарорлаштиришга, динлараро ва этник адоватни қўзғатишга интилмоқда, уларнинг усуллари тобора ваҳший бўлиб бормоқда, деган Владимир Путин хавфсизлик масалалари бўйича масъулларнинг 12-халқаро йиғилишида.
«Буни 22 март куни Москва вилоятида юз берган қонли теракт яна бир бор намоён этди. Россия разведка хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ушбу жирканч жиноятнинг барча тафсилотларини аниқлаш ва ўрганиш, унинг иштирокчилари, шу жумладан ҳомийлар ва ташкилотчиларни аниқлашда давом этмоқда. Уларнинг ҳеч бири адолатли жазодан қутулиб қолмаслиги керак», — деди у.
Крокусдаги теракт учун жавобгарликни «Вилояти Хуросон» ташкилоти ўз зиммасига олганди. Бироқ Россия Бош прокуратураси ишда «Украина изи» борлигини даъво қилмоқда. Россия президенти ҳам бу терактда Украинани айбдор қилишга уриниб келади. АҚШ ва Украина расмийлари эса Киевнинг терактга алоқадорлигини кескин рад этиб келади.
Эслатиб ўтамиз, отишма ва ёнғин натижасида 145 киши ҳалок бўлди, улардан олти нафари болалардир. 550 киши жароҳатланди. Ҳодисага алоқадорликда гумонланиб, ўндан ортиқ киши, жумладан, терактнинг тўрт нафар бевосита иштирокчиси деб ҳисобланаётганлар ҳибсга олинган. Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин гумондорларнинг қийноққа солинганига муносабат билдириб, жисмоний босим остида иқрор бўлиш қандай натижа бериши «яхши маълум», деганди.
Россиядаги терактдан сўнг ўлим жазосини қайтариш ҳақидаги мунозаралар қайта бошланди. Ҳозирда бу жазо Конституциявий суд томонидан мораторий остида. Конституциявий суднинг янги раҳбари Ирина Подносова ўзидан олдинги раис Вячеслав Лебедевнинг фикрига қўшилади, унинг қайд этишича, масала аллақачон ҳал бўлган ва ўлим жазосини қайтариш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter