Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Alhadaya” БФҚ рекламасида қонунбузарлик аниқланди

“Alhadaya” БФҚ рекламасида қонунбузарлик аниқланди

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган “Alhadaya” номли биологик фаол қўшимча рекламаси юзасидан ваколатли органлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Таҳлиллар натижасида реклама материалларида таъсир хусусиятига эга бўлмаган иборалар қўллангани, маҳсулот ҳақида тўлиқ маълумот берилмагани ҳамда унинг терапевтик самарадорлиги ва айрим касалликларни енгиллаштириши ҳақидаги маълумотлар келтирилгани аниқланди. Мазкур ҳолатлар истеъмолчиларда биологик фаол қўшимчани дори воситаси сифатида қабул қилишга сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Реклама тўғрисидаги Қонун 35-моддасига мувофиқ, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчаларини реклама қилишда қатор мажбурий талаблар белгиланган.

Хусусан, бундай реклама:

  • маҳсулотни дори воситаси сифатида кўрсатмаслиги;
  • уни қўллаш натижасида даволаниш ёки аҳвол яхшиланишига доир ҳолатларга ҳавола қилмаслиги;
  • фуқароларнинг миннатдорчилик изҳорларини ўз ичига олмаслиги;
  • соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
  • тадқиқотлар ёки давлат рўйхатидан ўтганлик факти орқали дори воситаларига нисбатан афзаллик таассуротини уйғотмаслиги;
  • вояга етмаганлар учун тақиқланган маҳсулотлар рекламасида болалар тасвиридан фойдаланмаслиги;
  • ҳар бир ҳолда “дори воситаси эмас” деган огоҳлантириш билан берилиши;
  • рағбатлантирувчи акциялар ўтказмаслиги шарт.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари асосида Қўмита Махсус комиссияси томонидан “ALHADAYA NEW” МЧЖга нисбатан иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича жамиятга нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг