Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анталия — сайёҳларнинг севимли маскани (фото)

Анталия — сайёҳларнинг севимли маскани (фото)

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» мухбири мамлакатимизнинг бир гуруҳ журналист ва блогерлари қаторида Туркияда хизмат сафарида бўлиб, ушбу давлатнинг «Пандемия шароитида туризм» лойиҳасида иштирок этди.

Тўртинчи кун. Ўттиз йил қисқа даврми?

Сафаримиз давомида бизга ҳамроҳлик қилган гид Ҳусайинбий Инжи ўттиз йил олдинги Анталия билан ҳозиргисининг орасида осмон билан ерча фарқ бор, деди. Тарих учун бу муддат оз, аммо бугун Анталия сайёҳларни ўзига оҳанрабодек тортадиган севимли маскан. Буни бизга Туркия туризмни ривожлантириш ва тарғиб қилиш агентлиги матбуот котиби Эркан Ягджи ҳам маълум қилди:

— Анталия мамлакатимизда сайёҳлар энг кўп келадиган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринда туради, — деди Эрканбий. – Истанбул, Измир шаҳарлари кейинги ўринларни эгаллайди. Биласизлар, пандемия бутун дунё иқтисодига соя ташлади. Жумладан, туризм йўналиши ҳам катта йўқотишга дуч келди. Ўтган йили мамлактимизга 50 миллиондан ортиқ сайёҳлар келган эди. Жорий йилнинг шу пайтигача эса 15 миллион киши юртимизга сайёҳ сифатида келди. Турзим индустриясини касодга учрашини кутиб ўтириш ақлсизлик бўларди. Шу сабабли «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси мамлакатимизда  жорий этилди. Туркия маданият ва туризм вазирлиги 2020 йилнинг ёз мавсумидан амалга киритилган «Соғлом туризм сертификати» дастурини ишлаб чиқди. Ва бу чоралар ўз натижасини кўрсата бошлади. 2023 йилда мамлакатимизга келувчи сайёҳлар сонини 75 миллионга етказишни режалаштирганмиз.

Гўзал табиати, мавжланиб турган денгиз, қулай шароитлар билан бирга тарихий обидаларнинг кўплиги саёҳат қилувчиларни Анталия томон етаклайди. Албатта, сифатли сервис бўлмаса, шароит яхши бўлгани билан саёҳатчилар кўнглини олиш даргумон. Шунинг учун ҳам барча туроператорлар бу масаланинг нозик жиҳатларини ҳисобга олишган.  Бу ерга бир келган сайёҳ яна келади, камига ўз дўстлари, оила аъзоларию ҳамкасбларини олиб келади.

“Тарихни қандай бўлса, шундай кўрсат”

Жумҳурият майдони Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашган. Денгиз билан ушбу майдон ўртасида қурилганига қарийб 300 йил бўлган уйлар бор. Уйлар қандай қурилган бўлса, шундай сақланмоқда. Уни бузиш ёки бирон жойини ўзгартиришга ҳам ҳаракат қилинмайди. “Тарихни қандай бўлса, шундай кўрсатиш” мана шу қараш Туркиянинг туризм йўналишида етакчилардан бирига айланишига сабаб бўлган. Туркияда кўплаб тарихий обидаларни кузатиб шунга ишонч ҳосил қилдик.

Яна бу ерда Анталия мавлонохонаси музейи, тарихий масжид, минора бор. Тор йўл бўйлаб пастлик томон юрсангиз портга чиқасиз. У ерда сизни юзлаб кема, қайиқлар кутиб олади. Турли шаклларда безатилган бу сув транспортларида денгиз бўлаб саёҳат қилишингиз мумкин. Қирғоққа тинимсиз урилаётган денгиз шовқини, чағалайларнинг хониши хаёлларингизни бузиб юборади, гўёки кўҳна дунё сирларини сизга сўзламоқчи бўлгандек. Тоза ҳаво ва  чексизлик сизни ўзига мафтун этади.

Наҳот буни инсон ясаган бўлса?..

 «У қон тўкадиган жой эмас — Туркиядаги «Колизей»дан «Xabar.uz» репортажи»да Анталиядаги Аспендос ҳамда Перга номли антик шаҳарлар ҳақида ҳикоя қилган эдик.  Мустафа Камол Отатурк номидаги Анталия музейида ана шу антик шаҳарларни ўрганишда топилган жуда кўплаб ҳайкаллар, рўзғор буюмлари олиб келиниб намойишга қўйилган. Ҳайкаллар мармардан ясалган, баландлиги бир ярим метрдан бошлаб тўрт метргача. Устунлар эса ундан ҳам баланд. Ўша даврларда мармарга ишлов бериш шундай ривожланган бўлса, наҳот булар инсонлар қўли билан ясалган бўлса, деган саволлар оғушида қоласиз.

Памфилия. Анталияни ўтмишда шундай номлашган. Қадимий Памфилияни бошқарган подшоҳлар, уларнинг рафиқалари, устунлар, одамларнинг турли кўринишидаги ҳолатлари тасвирланган девор ва  тобутлар барчаси мармардан жудаям аниқликда, силлиқ қилиб ясалган. Музейда, шунингдек, турли даврларга оид меҳнат қуроллари, кўзалар ўрин олган. Бу ерда қадимий шаҳарларда сопол қувурлар ёрдамида ташкил этилган канализация тизими, асосан баланд жойларда бунёд этилган шаҳарларга сув қандай олиб чиқилганини кўрсатиб берувчи экспонатларни кўриш мумкин.

Дюден шаршаралари

Анталияда Юқори Дюден ва Қуйи Дюден шаршаралари бор. Гидимиз бизни Қуйи Дюден томон бошлади. Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашган бу шаршара 30 метрлардан отилиб тушади. Тунда эса жудаям ажойиб манзарани ҳосил қилади. Денгиз соҳилида жойлашган бу шаршара қаердан пайдо бўлгани сирли. Айтишларича, у Дюден дарёси ирмоғидан бошланар экан. Бу дарё эса Анталиядан ўттиз километр узоқликда жойлашган. Шаршара босим билан ер остидан келиб отилиб чиқади ва денгизга қўйилади. Манзара эса жудаям гўзал.

Қўлни тез-тез совунлаб ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш, ижтимоий масофани сақлаш, хизмат кўрсатувчи ходимларда соғлиғи ҳақидаги маълумотномаларнинг бўлиши мажбурийлиги, сайёҳат муддати тугагач сайёҳалардан ПЦР таҳлилларини олиш сингари талаблар саёҳатларнинг хавфсиз ўтишига кафолат бўлади. «Хавфсиз туризм» лойиҳаси Туркияда ана шу талаблар остида амалга оширилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг