Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ассалому алайкум, дорнинг оғочи!» Дунёда миллионлаб киши эътиқоди учун таъқибга учрамоқда

«Ассалому алайкум, дорнинг оғочи!» Дунёда миллионлаб киши эътиқоди учун таъқибга учрамоқда

Жаҳондаги бир неча миллиард киши эътиқоди учун таъқибу тазйиқларга дучор бўлмоқда, яна қанча диндор ўз ҳаёти ила товон тўламоқда.  Бу ҳақда АҚШ пойтахти Вашингтонда жорий йил 16-18 июль кунлари бўлиб ўтган диний эркинлик бўйича иккинчи вазирлар анжуманида сўз борди.

 «Худо инсонни эркин идрок соҳиби қилиб яратган»

Халқаро машваратда 100 дан ортиқ мамлакат ташқи ишлар вазирлари, 1000 дан зиёд фуқаролик жамияти фаоллари ва турли диний конфессиялар вакиллари қатнашди.

Давлат арбоблари, эксперт ва олимлар, диний жамоалар вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари диний эркинлик муаммолари ва уларни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилдилар.

Тадбир мезбони – АҚШ давлат котиби Майк Помпео ўз чиқишида диний эркинлик инсоният учун ҳаёт-мамот масаласи эканини таъкидлади.

Қайд этилишича, сайёрамиз аҳолисининг 83 фоизи диний эркинлик чекланган ёки таъқиб этилаётган мамлакатларда яшамоқда. Ваҳоланки, ҳар бир инсон ўз эътиқодига эркин амал қилиш ҳуқуқига эга ва бу нафақат халқаро ҳуқуқ меъёрлари талаби, айни чоқда, ахлоқий мажбурият ҳамдир.

Майк Помпео бу борада ўз салафи – АҚШнинг биринчи давлат котиби Томас Жефферсоннинг «Қодир Худо инсонни эркин идрок соҳиби қилиб яратган» деган фикрларини ёдга олди.

АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Кубада насроний жамоалари тазйиққа учраётгани, Бирмада роҳинжа мусулмонлари зулм исканжасида қолаётгани, Хитойнинг Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида бир миллиондан зиёд этник озчилик вакиллари тутқун қилинганини афсус ила қайд этди.

Инсон ҳуқуқлари бутунжаҳон декларациясининг 18-моддасида таъкидланишича, «Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русм ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади». Ушбу моддани ёдга олган АҚШ давлат котиби диний эркинлик ҳукуматлар томонидан эмас, Яратган томонидан инъом этилган ҳуқуқ эканига урғу берди.

М.Помпеога кўра, миллий ҳукуматларнинг ўзи диний эркинлик бўйича халқаро талабларни бажаришга ожизлик қилади. Шу боис ушбу жараёнга фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этмоқ мақсадга мувофиқдир. Давлат котиби, шу билан бирга, диний эркинлик бўйича халқаро иттифоқ тузиш таклифини ҳам берди.  

«Диний эркинлик қўллаб-қувватланиши, муҳофаза этилиши ва ривожлантирилиши керак», – деб хулоса ясади АҚШ давлат котиби.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ президенти Дональд Трамп глобал миқёсда диний эркинликларни қўллаб-қувватлашни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши деб эълон қилинган. Бу борада Давлат департаментининг халқаро диний эркинликлар соҳасидаги алоҳида топшириқлар бўйича элчиси лавозими жорий этилган. Айни пайтда мазкур вазифани Сэм Браунбэк бажармоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилдан буён АҚШ Ироқдаги ИШИД қатлиоми қурбони бўлган этник гуруҳ вакилларига 340 миллион доллар ёрдам кўрсатган. Вашингтон анжумани давомида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги диний эркинликлар ҳимоя бўйича 27 миллион доллар гуманитар кўмак ажратгани маълум қилинди.

АҚШ Ўзбекистондаги вазиятни қандай баҳолайди?

Вашингтон машваратида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди. Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, анжуман давомида халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистондаги виждон эркинлиги ҳолати, диний эркинлик жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ахборот берилди.

Маълумки, АҚШ давлат департаменти ҳар йили дунё мамлакатларида диний эркинлик ҳолати хусусида ҳисобот эълон қилади. Ўзбекистон сўнгги 13 йил давомида ҳисоботда «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатида қайд этилган. 2016 йилдан буён Ўзбекистон раҳбарияти томонидан диний соҳани эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса халқаро ҳамжамият, хусусан, АҚШ томонидан ижобий баҳоланмоқда.

Хусусан, жорий йил июнда Вашингтон шаҳрида 2018 йилда диний эркинлик бўйича анъанавий ҳисобот тақдим этилган эди. Ўшанда АҚШ давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистон сўнгги 13 йил ичида илк бор «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатидан чиқарилганини эълон қилди.

АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари Ўзбекистонда БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шоҳиднинг тавсияларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилингани, диний мотивга кўра жазо ўтаётган бир ярим минг маҳкум озод этилгани, 16 минг фуқаро диний-экстремистик оқимларга алоқадор шахслар рўйхатидан чиқарилганини қайд этган. М.Помпео мамлакатда диний эркинликни таъминлашга доир ислоҳотлар яна давом эттирилишига умид билдирган.

Собир Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг