Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«А.У.Е.»дан эҳтиёт бўлинг!

«А.У.Е.»дан эҳтиёт бўлинг!

Иллюстратив фото

Сўнгги йилларда ёшлар орасида турли жиноий гуруҳ ва субмаданиятларнинг таъсири кескин ошмоқда. Шулардан бири — «А.У.Е.» деб аталувчи жиноий ҳаракат бўлиб, у нафақат ўсмирларни, балки чет элга, айниқса, Россияга бориб ишлаётган фуқароларимизни ҳам ўз домига тортаётгани билан жиддий хавотир уйғотмоқда.

Ота-оналар, огоҳ бўлинг! Меҳнат муҳожирлари, ҳаётингиз ва эркингизга бефарқ бўлманг!

«А.У.Е.» ўзи нима ва у қаерда пайдо бўлган?

«А.У.Е.» («Арестантский уклад един» — «Маҳбуслар қоидаси ягона») — Россияда пайдо бўлган, у ерда жиноятчиликнинг алоҳида шакли сифатида эътироф этилган хавфли ҳаракат. У “ўғрилар қонунлари”ни идеаллаштириб, қамоқхона маданиятини оддий ҳаётга сингдиришни мақсад қилган.

Россияда бу ҳаракат 2020 йилда расман экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган, унинг фаолияти учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон фуқаролари нима учун огоҳ бўлиши керак?

Афсуски, бу тузилма таъсири Россияда вақтинчалик ишлаб юрган айрим Ўзбекистон фуқароларига ҳам етиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида ва расмий манбаларда қайд этилишича, сўнгги йилларда А.У.Е. ҳаракатини қўллаб-қувватлагани ёки унда иштирок этгани учун бир неча юртдошимиз Россия қонунчилигига асосан жиноий жавобгарликка тортилган.

Бу ҳолат нафақат уларнинг эркинлигига, балки Ўзбекистон фуқаролари имижига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

А.У.Е. қандай тарғиб қилинади?

Гуруҳ аъзолари асосан интернет орқали — ижтимоий тармоқлар, чатлар ва видеоплатформаларда ўз сафларига одам жалб қилишади. Шунингдек, улар меҳнат муҳожирлари орасида ҳам “братва”, “общак”, “закон по понятиям” каби иборалар орқали таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади.

А.У.Е. сафида юриш шунчаки “ишдан кейинги дўстона гуруҳ” эмас — бу ҳаракат билан боғланиш инсонни жиноий фаолиятга тортади.

Бу ҳаракатга алоқадорлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

  • Россия қонунчилигига мувофиқ, А.У.Е. ҳаракатларига алоқадорлик учун 300 минг рублдан 600 минг рублгача жарима, ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 1 йилдан 4 йилгача мажбурий меҳнат (ахлоқ тузатиш) ишларига жалб этиш, ёхуд 2 йилдан 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш мумкин.
  • Ишсизлик, депортация, инсоннинг ҳуқуқий мақоми, эркин ҳаракат қилиши ва оиласи келажагини хавф остига қўяди.

Ота-оналар ва фуқароларга мурожаат:

  • Фарзандларингиз кимлар билан гаплашмоқда?
  • Россияда меҳнат қилаётган танишларингиз, қариндошларингиз атрофида кимлар бор?
  • “Закон по понятиям”, “общак”, “смотрящий” каби атамаларни эшитдингизми?

Бу каби белгиларни жиддий қабул қилинг. Ҳар бир кечиктирилган сўз — эртага фожиага айланиши мумкин.

Хулоса ўрнида: А.У.Е. — фақат Россияда, балки хорижда меҳнат қилиб юрган бошқа юртдошларимиз учун ҳам реал таҳдид. Жиноят ёки “ўғрилар қонуни” орқали ҳурмат қозонишни эмас, ҳалол меҳнат ва оилавий бахтни қадрлаш керак. Нафақат фарзандларингизни, балки ўз келажагингизни ҳам жиноий тузилмалардан асранг. Огоҳ бўлинг!

Манба: t.me

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг