Ахборот хизматлари раҳбарларининг иш самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланяпти
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда иш самарадорлигини баҳолаш тартибини белгилашга доир ҳужжат лойиҳасини тайёрлади.
Ҳужжат лойиҳаси билан давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод қилишни Марказ орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти билан келишиш, Марказ томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини бевосита аттестациядан ўтказиш ва иш самарадорлигини баҳолаш (мезонга асосан рейтинг тузиш) тартиби белгилаб берилмоқда.
Хусусан, республика ва ҳудудий даражадаги фарқлар, номзодлар ҳужжатлари, суҳбат, комиссия, аттестация гувоҳномаси, баҳолаш мезонлари (пресс-тадбирлар, онлайн эфирлар, тезкорлик ва бошқалар) каби масалалар батафсил тартибга солинмоқда.
Ахборот хизмати раҳбарлари Президент Администрацияси ҳузуридаги ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтказилади. Улар ишлаётган ташкилоти томонидан бошқа турдаги аттестациялардан ўтказишга йўл қўйилмайди.
Қайд этилишича, ҳар йили 20 январга қадар эълон қилинадиган 100 баллик очиқ рейтинг туфайли «энг ёпиқ», «энг секин» ва «энг пассив» ахборот хизматлари ҳаммага кўриниб туради, бу эса раҳбарларни доимий фаолликка мажбур қилади.Танқидий материалларга жавоб бериш маданияти шаклланади. Танқид чиққандан кейин 3–6 соат ичида изоҳ бермаслик рейтингда катта балл йўқотишга олиб келгани учун ахборот хизматлари «жим туриш» одатидан воз кечишга мажбур бўлади. Бундан ташқари аттестация натижасида ходимларнинг малакаси ошиб боради.
Бу орқали давлат органларининг очиқлиги, тезкорлиги ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги сезиларли даражада яхшиланиши таъкидланмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter