Белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганларга 120 млн сўмдан ортиқ жарима қўлланди
2026 йилнинг апрел–июн ойларида республика бўйлаб белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш билан боғлиқ 1 548 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, аниқланган қоидабузарликларнинг 354 таси транспорт воситалари, 1 194 таси эса фуқаролар томонидан содир этилган.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Ҳозирга қадар қоидабузарларнинг 16,9 фоизи жаримага тортилган.
Маълумотларга кўра, кузатув камералари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича қўлланган жарималарнинг умумий суммаси 123 миллион 394 минг сўмни ташкил этди.
Агентликнинг таъкидлашича, айни пайтда республиканинг деярли барча ҳудудларида 700 дан ортиқ онлайн кузатув камераси ўрнатилган бўлиб, улар нафақат чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш, балки бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам аниқлаш ва уларга нисбатан чоралар кўриш имконини бермоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter