Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда пулли автотураргоҳ учун тўлов қилмаганларга жарима жорий этилиши мумкин

Тошкентда пулли автотураргоҳ учун тўлов қилмаганларга жарима жорий этилиши мумкин

Тошкент шаҳрида йўл бўйидаги пулли автотураргоҳлардан фойдалангани учун тўловни амалга оширмаган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Бу тегишли қонун лойиҳасида назарда тутилмоқда.

Лойиҳага кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 128-11-модда билан тўлдирилиб, йўл бўйидаги пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўловдан бўйин товлаш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима жорий этилади.

Ҳужжат лойиҳасида таъкидланишича, мазкур талаб фақат давлат ҳокимияти органларига қарашли йўл бўйидаги пулли автотураргоҳларга нисбатан қўлланилади. Шлагбаум билан жиҳозланган хусусий автотураргоҳлар эса ушбу тартибга кирмайди, чунки уларда тўлов амалга оширилмагунча чиқиш имконияти мавжуд эмас.

Лойиҳада қайд этилишича, «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўловни амалга ошириш мажбурий ҳисобланади. Шунинг учун тўловни тўламаслик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 309-4-модда ҳам киритилиб, мазкур турдаги ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо қўллаш ваколати Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ЙҲХХ) ходимларига берилиши назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси ҳозирча муҳокама босқичида бўлиб, у қабул қилинганидан кейин кучга киради. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг