Бизнес кайфияти: тадбиркорларнинг 67 фоизи иқтисодиёт истиқболига ишонч билдирди
Ўзбекистон Марказий банки томонидан эълон қилинган 2026 йил I чораги учун «Бизнес кайфияти шарҳи» натижаларига кўра, мамлакатда тадбиркорларнинг бизнес муҳити ва иқтисодий истиқболларга бўлган ишончи юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Ҳисоботга кўра, сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 60 фоизи бизнес юритиш шарт-шароитлари яхшиланганини қайд этган. Айниқса, таълим, умумий овқатланиш, алоқа ва ахборот, қишлоқ хўжалиги ҳамда туризм соҳаларида бизнес муҳити сезиларли даражада яхшилангани таъкидланган.
Тадбиркорлар бизнес ривожига ижобий таъсир кўрсатаётган асосий омиллар сифатида:
- банк хизматлари сифати;
- кредит олиш имкониятлари;
- рақобат муҳити;
- лицензия олиш жараёнларининг соддалашганини қайд этган.
Шунингдек, ҳисоботда буюртмалар ҳажми ошганини билдирган тадбиркорлар улуши 56 фоизга етгани қайд этилган. Қўшимча ишчи кучига бўлган талаб бўйича ижобий баҳолар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9 фоиз бандга ошган.
Энергия истеъмоли ошганини билдирган респондентлар улуши эса аксинча 15 фоиз бандга камайиб, 45 фоизни ташкил этган.
Энг муҳим кўрсаткичлардан бири сифатида, сўров иштирокчиларининг 67 фоизи келгуси уч йил давомида Ўзбекистон иқтисодиёти ва бизнес муҳити янада яхшиланишига ишонч билдирган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter