Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Боғдорчилик бўйича Бахмал тажрибаси жорий этилади

Боғдорчилик бўйича Бахмал тажрибаси жорий этилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Жиззахдаги йиғилишда қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор қаратди. 

Вилоятдаги жами 900 минг гектар лалми ва яйлов ерларининг 110 минг гектари захирада тургани, уларда озуқа, мойли экинлар экиш ва саноат боғларини яратиш орқали камида 20 минг одамни ишли қилиш мумкинлиги таъкидланди. Жиззахдаги яйловлардан самарали фойдаланиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди. 

Шу билан бирга, кейинги йилдан яйловларда ер эгалари юқори даромадли экинлар экиб, ердан мақсадли фойдаланса, уларга ер солиғи 2 карра камайтириб берилади. 

Шунингдек, вилоятдаги кўплаб чорвадор ва фермерлар озуқа ва мева-сабзавот етиштиришда сув насосига сарфланган электр учун субсидияни ҳар ойнинг бошида тўлаб беришни сўраган. 

Мутасаддиларга бутун республикада ушбу субсидияларни ой бошида берадиган тизим қилиш муҳим экани кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирда Бахмалдаги 14 минг гектар боғларнинг 4 минг гектари эскирган, улардан олинаётган ҳосил эса гектарига 10 тоннага ҳам етмайди. 

Шу боис, эски боғларни интенсивга ўтказиш, ҳосилни сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш бўйича Бахмал тажрибасини жорий қилиш зарурлиги таъкидланди. 

Бахмалда 2026 йилда 1,5 минг гектар эски боғларга фақат сертификати бор кўчатларни экиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Буни қўллаб-қувватлаш учун аҳоли ва фермерларга кўчат сотиб олиш харажатининг ярми қоплаб берилади. 

Бундан ташқари, тумандаги боғдорчилик хўжаликлари учун яна бир қатор янгиликлар эълон қилинди. 

Хусусан, интенсив боғ ташкил қилишда 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан 14 фоиздан кредит берилади. Меванинг турига қараб, шпалерлар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади. 

Шунингдек, музлаткичли омборлар учун кредит фоизини асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисми қоплаб берилади. Мева-сабзавот экспортчилари ва боғбонларга ҳам қадоқлаш харажатларининг 50 фоизини қоплаш учун Савдони ривожлантириш компаниясидан субсидия тўланади. 

Умуман, келаси йили боғдорчилик бўйича Бахмалда тажриба мактаби яратилиб, ушбу имтиёзлар бутун республикада жорий қилинади.

Аниқ маҳсулот экиш шарти билан аукционга чиқарилган 10 минг гектар ер бир йилдан буён сотилмаётгани қайд этилди. Шу боис, кейинги йилдан бошлаб экин ерларини ижарага беришнинг янги тизими жорий қилинади. 

Эндиликда ерни ижарага олган деҳқон унга нима экишини ўзи мустақил ҳал қилади. Шунингдек, аукционда такрорий савдога қўйилган ерларнинг бошланғич нархи 10 фоизгача пасайтирилади. 

Ер ижарасидан тушган маблағлар тўлиқ саноатлашган боғларга сув, электр, йўл тармоқларини тортиш каби инфратузилма объектлари учун сарфланади. 

АҚШлик ҳамкорлар билан Зоминда парранда бўйича йирик наслчилик корхонаси ташкил қилинмоқда. Ушбу кластерда 100 минг бош қувватдаги биринчи наслли она товуқ ва 9 миллион дона инкубацион тухум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

Бу уникал лойиҳа республикада паррандачиликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг