Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги тажриба ўтказилмоқда — ётиб 5 минг евро ишлаш мумкин

Янги тажриба ўтказилмоқда — ётиб 5 минг евро ишлаш мумкин

Фото: Le Figaro

Францияда кўнгиллилар янги тажрибада қатнашиб, 20 кунда 5 минг евро ишлаб олишлари мумкин. Le Figaro нашри ёзишича, тажрибани Тулузадаги фазовий тиббиёт ва физиология институти ўтказмоқда.

Тадқиқотдан мақсад — узоқ муддатли фазовий миссияларда вазнсизлик ва ётоқ режимининг организмга таъсирини ўрганишдир.

Иштирокчилар тажриба учун ажратилган 20 кундан 10 кунини боши пастга қаратилган олти даражали қияликдаги каравотда ётиб ўтказадилар. Бу ҳолат суюқликларнинг тананинг юқори қисмига силжишига ёрдам беради ва бу вазнсизлик ҳолатини ифодалайди.

Бир пайтнинг ўзида тажрибада қатнашаётганларга кунига 250 калориядан ошмаган овқат берилади. Улар шўрва, мева шарбати ва асал билан озиқланади. Кўнгиллилар бир қатор тиббий текширувлардан ўтишади, жумладан, қон ва сийдик таҳлиллари, шунингдек, психологик тестларни топширишади.

Тадқиқотнинг асосий вазифаси узоқ муддатли очлик ва ётоқ режими космик шароитларда соғлиққа қандай таъсир қилишини тушунишдир (техник носозликлар, етказиб беришдаги кечикишлар ёки парвоз давомийлигининг ўзгариши туфайли узоқ муддат овқатсиз қолиб кетиш эҳтимоли кабилар кўзда тутилган).

Тажрибада соғлом турмуш тарзига эга, касаллиги бўлмаган 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган 10 нафар эркак иштирок этиши мумкин. Кўнгиллиларга яқинлари билан телефон орқали мулоқот қилиш, компютердан фойдаланиш ва китоб ўқишга рухсат берилади, аммо улар буларнинг барчасини тана ҳолатини ўзгартирмасдан амалга оширишлари керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг