Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бош вазир ва ДХХ раиси Самарқандга борди

Бош вазир ва ДХХ раиси Самарқандга борди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 13 июль куни халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари эллик учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни депутат Баҳодир Шарофов бошқарди. Бу ҳақда «Зарафшон» нашри хабар берди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси И.Абдуллаев иштирок этди.

Сессияда Бош вазир вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида мавжуд қатор муаммолар, йўл қўйилган камчиликларга тўхталди. Хусусан, вилоятда экспорт масаласида аҳвол ёмон эканлиги, айниқса, қурилиш ишларида ўзбиларчиликка йўл қўйилаётганлиги, порахўрлик ва бюрократизм авж олганлиги кескин танқид қилинди.

Таъкидланишича, Президентимизнинг жорий йилнинг 17-18 март кунлари вилоятга ташрифи давомида белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйилган. Натижада, вилоят иқтисодиётида, шу билан бирга аҳолининг ижтимоий ҳаётида юзага келаётган муаммоли вазиятлар ўзгаришсиз қолиб кетаверди.

Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи якунларига кўра, 4 та йирик саноат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетганлиги оқибатида 288 миллиард сўмлик маҳсулот ҳажми йўқотилган. Табиийки, бу ҳолат ушбу корхоналарда ишчи ўрни қисқаришига олиб келади. Шунингдек, вилоятда саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш ишлари эътибордан четда қолмоқда. Жумладан, вилоятнинг республика саноатидаги улуши 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида 6,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида 5,3 фоизни ташкил этиб, 1,5 фоизга камайиб кетган.

Жорий йилнинг 1 июль кунига қадар ишга туширилиши лозим бўлган 16 та йирик саноат лойиҳалари амалга оширилмаган. Вилоят табиий минерал хом-ашё ресурсларига бой бўлиб, улардан самарали файдаланиш тўғри йўлга қўйилмаган. Мисол учун, Пахтачида каолин, гранит, гипс, Нарпайда цемент, керамзит, қум-шағал, керамика, Нурободда цемент, мармар, оҳак, гипс ва бўр, Иштихонда мармар ва керамика каби замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаган. Мазкур шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўтган олти ой давомида биронта ҳам тадбиркор билан учрашмаган, аксинча тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлган.

Энг ачинарлиси, вилоятда фаолият кўрсатмаётган саноат корхоналари ўтган йилга нисбатан 65 тага кўпайиб, бугунги кунда 238 тага етган. Вилоятда 6 ойликда экспорт прогнози атиги 62 фоизга таъминланган холос.

Кичик бизнесни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш масалаларига умуман эътибор қаратилмаган. Бунинг оқибатида, бугунги кунда вилоятда рўйхатдан ўтган 18 минг 856 та кичик бизнес субъектларининг 3 минг 458 таси ёки 18 фоизи фаолият кўрсатмаяпти. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтказилган 805 та тадбиркорлик субъектлари банкда умуман ҳисоб рақам очмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг