Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова

Ки ҳар не олами суғрода мавжуд, Бори бу олами куброда мавжуд. (Алишер Навоий)

Боши учун 1 млн доллар тикилган ўзбек йигити

Боши учун 1 млн доллар тикилган ўзбек йигити

Бахтиёр Абдуғафурнинг «Мадаминбек» ва «Узбечка»  асарларини яхши биласиз. «Узбечка»  асосида фильм ҳам ишланди.

У яна бир фильм олса арзийдиган асар ёзибди — номи «Казбек» Осиё арслони». Умуман, Бахтиёрнинг кўп романлари асосида кино қилса бўлади, чунки у тарихий шахслар ва тарихий воқеаларни аниқ, бузмасдан ва бадиий бўёқлардан тобида фойдаланган ҳолда кўз олдингизда жонлантира олади — ўзига хос «lite»  документалистика.

Иккинчи жаҳон урушининг энг қақшатқич зарбаларини қабул қилган Беларус, Украина каби мамлакатларда партизанлик ҳаракати ҳақиқий умуммиллий бирлаштирувчи ғояга айланганди. Айнан партизанлик натижаси сифатида Беларус тупроғи фашистлардан тозаланди дейилади «Википедия»да.

«Казбек» Беларус партизан отрядларидан бирининг командири, юртдошимиз, «Совет иттифоқи қаҳрамони», жасур ва чапдаст жангчи-партизан Мамадали Топиволдиев ҳақида ҳикоя қилади.

Топиволдиев Риштонда туғилган, урушгача механизатор бўлган, 20 ёшида армияга кетиб, 1941 йил энди ҳарбий хизматни тугатаман деб турганида уруш бошлангани сабаб фронтда қолган бўз йигит. У катта академиялару ҳарбий мактабларни битирган манаман деган зобитлару генералларнинг ҳурматига сазовор бўлади: ўнлаб душман эшелонларини портлатади, йигирматача немис офицери ва бир генералини асир олиб, муҳим разведка маълумотларини қўлга киритади, «Казбек» деса душман армияси титрайдиган, номи ҳатто Гитлергача етиб бориб, боши учун фюрернинг ўзи 500 минг рейх марка мукофот ваъда қилган ҳақиқий арслон.

Бундай фабула ҳар қандай ёзувчи учун топилма. Озгина услубий ва бадиий бўёқ берса, биографиясининг ўзиёқ «экшн» бўлган қаҳрамон ҳақидаги асар қизиқарли чиқиши тайин.

Лекин Бахтиёр Абдуғафур ўзига хиёнат қилмай, ўша пайтдаги тарихий воқеалар, қаҳрамонлар кечинмалари, мотивлари ва тақдири ҳақида муқобил версияларни беради. Ўқувчини танганинг ҳар икки томонига қарашга мажбур қилади.

Асардаги фашист ҳам, хоин ҳам, қаҳрамон ҳам ўз инсоний кечмишлари, нима учун шундай қилаётганини асослантирувчи сабаблари ва фожиали тақдирига эга. Инсон эзгулик ва ёвузликни танлар экан, буни фақат кўнгилхушлик ё шахсий амбициялар учун қилмайди. Ҳар қандай ёвузликни келтириб чиқарувчи унданда каттароқ ёвузлик туради ортида.

Худди шундай, нацистлар томонда жанг қилаётган, большевиклар отаси ва яқинларини ўлдирган Данилевский ҳам қайсидир маънода қасоскор. Ёки онасини «коммунист» зўрлаган Серёжа Хомутнинг ҳам ўз кураши ва ҳақиқати бор. Отасини масжиддан олиб чиқиб осишганини кўрган Музаффархоннинг «Туркистон легиони»га нима учун қўшилгани ҳам аён. Хуллас, урушда ҳеч нима оппоқ ё қоп-қора эмас. Ҳаммаси — оқибат, сабаб эса ёвузлик. Уруш шу «Пандора қутиси»ни очиб юборади.

«Казбек» романи фақатгина қизиқарли сюжет эмас, ўзига хос тарихий-сиёсий қайта англаш натижаси ҳам. Уни ўқиб кўриб  идеалларингизни яна бир тафтиш қилишга мажбур бўласиз.

Баъзи эътирозларимни ҳам айтишим керак. Романда якка ижобий қаҳрамон бор. Қолганлар қусурли, «Казбек» қусурсиз. У нимагадир ҳеч хато қилмайди. Аслида хатолари ва улардан қилган хулосалари қаҳрамон портретини янада сербўёқ қиларди, назаримда.

Романда аёллар образига жуда кам ўрин берилган, хирароқ ишланган. Биргина Мамадали Топиволдиевнинг ҳаётини сақлаб қолган аёл — дўсти Ванянинг онаси образини олайлик. Тарихдан маълумки, яраланган М.Топиволдиевни Анна Васильевна ўзининг яширган пуллари ва буюмларини бисотидан чиқариб сотиб даволайди. Жонини хатарга қўйиб қаҳрамонни фашистлардан яширади. Аёлнинг ўғиллари, ҳатто Ваня ҳам урушда ўлиб кетади. Мамадали унинг ягона ўғли бўлиб қолади. Урушдан кейин ҳам уни доим йўқлаб туради, унга уй қуриб беради. Ҳозирда Анна Васильевнанинг неваралари шу уйда яшашади. Анна она Ўзбекистонга кўп келиб, Риштондаги тутинган ўғлиникида (ҳатто Топиволдиев ўлиб кетгач ҳам) ҳар йили 9 майни нишонлайди.

Бу турли сиёсий эврилишлар ҳам хиралаштира олмаган ёрқин инсоний муносабатлардир.

Умуман, «Казбек» романи мени шундай қаҳрамон бир ватандош туфайли ғурурланишим, фахрланишим, бошимни баланд кўтаришимга сабаб бўлди.

Сизга ҳам романни тавсия қиламан.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг