Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бугундан мораторий кучга кирди

Бугундан мораторий кучга кирди

Фото: «Xabar.uz»

2024 йил 1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинади.

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 17 январдаги «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 14-сонли фармонида назарда тутилган.

Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан юқоридаги дарё ҳудудларига тушиш, ўзан тозалаш ишларини амалга ошириш, қум-шағал қазиб олиш тақиқланади. Шунингдек, бу дарёларга шартнома ва лицензияларни расмийлаштириш мумкин эмас.  Мораторий эълон қилинган ҳудудларда қум-шағал қазиб олаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти энди тоғли ёки тоғолди ҳудудларда (қуруқликда) жойлашган муқобил кон участкаларига йўналтирилади.

Мораторий даврида қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

Экология вазирлиги ва вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан ноқонуний қум-шағал материалларини қазиб олишга қарши доимий рейд тадбирлари олиб борилмоқда. Бу борадаги ҳар қандай ҳуқуқбузарлик қатъий жазоланади, дея эслатмоқда вазирлик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг