Бухоро аҳолиси учун Хитойдан яна 25 та автобус харид қилинди (фото)
Бухорода жамоат транспортини ривожлантириш ва тирбандликларни қисқартириш мақсадида «Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш» бош режаси ишлаб чиқилган. Шунга мувофиқ, жамоат транспорти фаолиятида «Брутто-шартнома» тизими жорий қилинди. Бухоро вилоят транспорт бошқармаси бош мутахассиси Умид Баҳроновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, жорий ойда Хитой Халқ Республикасидан ҳар бири 80 минг АҚШ долларилик Yutong автобуслари келтирилган.
Худди шундай автобуслар 2019 йилда 65 та, 2025 йилда 25 та келтирилган эди.
Умид Баҳроновнинг сўзига кўра, ташаббускор тадбиркорлар томонидан ўтган йили хориждан ҳар томонлама қулай ва шинам бўлган замон талабларига жавоб берадиган 116 та янги автобус, 45 та микроавтобус олиб келинган. Ҳозирда биргина Бухоро шаҳрининг ўзида брутто йўналишлари 7 тага етиб, 84 та янги автобус бу тизим орқали аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
– Йўл ҳақи тўловларини электрон тарзда ҳам амалга ошириш учун АТТО тизими ўрнатилди. Яъни, жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб, йўл кирада нақд пулсиз тўлаш тизими ишга туширилди. Бунда ташувчи корхоналарга «Брутто» шартнома асосида қатновларни бажарганлиги учун давлат бюджетидан жами 33,6 млрд сўм маблағ тўлаб берилди. Ҳудудларда аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида яна 25 та замонавий автобус олиб келинди, - деди Умид Баҳронов.
Ушбу автобуслар «Евро-5» стандарти талабларига тўлиқ жавоб бериши ҳамда табиий сиқилган газда ҳаракатланиши айтилмоқда. Айниқса, автобуслар салони тўлиқ кузатув камералари билан таъминлангани диққатга молик.
Маълумотларга кўра, март ойи якунига қадар Бухорога яна 60 та худди шундай автобуслар олиб келинади. Хусусан, шаҳар типига мослаштирилган катта ҳажмдаги 12 дона автобус харид қилиш бўйича шартнома имзоланган. Йил якунигача янги олиб келинаётган жамоат транспортлари сони 100 тадан оширилиши кўзланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter