Бухоро шаҳар прокурори: «Ҳеч қаерга яширинганим йўқ...»
Бир неча кундан бери ижтимоий тармоқлардан тушмаётган Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов яна бир бор «кўриниш берди».
Тармоқ орқали навбатдаги чиқишида у ўзи гўёки яширишиниб олганига оид хабарларни рад этиб, ҳеч қаёққа кетмагани, Вобкентдаги уйида эканини таъкидлайди. Шунингдек, ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказаётганларнинг чақирувларидан бош тортаётгани тан олар экан, қачонки «чақирув қоғози берилса», адовокат ва блогерлар (?) билан бирга боришини айтади.
Бундан ташқари прокурор айби бўлса, жавоб беришга тайёрлигини, фақат бунда адолат бўлиши лозимлигини ҳам такрор таъкидлайди.
Яна бир эътиборли ҳолат: Ж. Фозилов айрим оммавий ахборот воситаларига босим ўтказилиб, унинг мурожаатларига оид хабарлар ўчиртирилишига уриниш бўлаётганини иддао қиларкан, қатор веб-сайтлар воқелик бўйича Бош прокуратура баёнотига нисбатан унинг муносабатини чоп этмаётганидан ҳам ёзғиради. (Инсоф юзасидан изоҳ бериш шарт, Бухоро шаҳар прокурорининг мурожаатига оид сайтимизда чиққан материаллар жойида турибди, бу «Xabar.uz» мисолида «уларни ўчириш бўйича босим бўлаётгани» ҳақидаги иддаоларни катта шубҳа остида қолдиради).
Эслатиб ўтамиз, куни кеча прокурор Ж. Фозилов яширнгани ҳақида хабарлар пайдо бўлгани рост. Мазкур хабар муносабат сўралганда Бош прокуратура матбуот хизмати «холислик нуқтаи назаридан, хизмат текшируви якунигача маълумот бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги»ни билдирганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter