Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухоро ва Сурхондарёда чиқинди ёқиш заводлари қурилишига тамал тоши қўйилди

Бухоро ва Сурхондарёда чиқинди ёқиш заводлари қурилишига тамал тоши қўйилди

Таъкидлаш жоизки, атроф-муҳит муҳофазаси, хусусан чиқиндиларни иқтисодиётнинг муҳим бўлагига айлантириш масалаларига давлатимиз раҳбари ташаббуси билан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада соҳани самарали бошқариш ва полигонларни қисқартириш орқали аҳоли розилигига эришиш мақсад қилинган.

Жумладан, чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан энергия манбаи олишга асосланган замонавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли топшириғига мувофиқ, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори ҳамда Хитой Халқ Республикасининг «Wangneng Environment» ва «CHSET» етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида чиқиндиларни етказиб бериш битими имзоланган.

Шу ўринда, бугун 2 феврал куни республиканинг икки ҳудудида чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси олишга қаратилган инвестиция лойиҳалари қурилишига тамал тоши қўйилди.

Жумладан, Бухоро вилоятида Хитой Халқ Республикасининг «Wangneng Environment» компанияси иштирокида 165 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига Когон тумани «Гулистон» МФЙ ҳудудида йилига 547,5 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, натижада 230 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган завод қурилади. Лойиҳа ишга туширилганда қўшимча 150 та янги иш ўрни яратилади.

Сурхондарё вилоятида эса ХХРнинг «CHSET» компанияси иштирокида умумий қиймати 150 млн АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига Ангор тумани «Баҳор» МФЙ ҳудудида йилига 438 минг тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, натижада 75 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган завод қурилади. Лойиҳа ишга туширилганда қўшимча 150 та янги иш ўрни яратилади.Маълумот учун, ушбу заводлар 2028-йилда ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, корхоналар 30-йил давомида фаолият юритади.

Жараёнда инвесторлар, вилоят ҳокимлари, агентлик раҳбарияти, ҳудудий бошқармалар ҳамда жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, «Wangneng Environment» компанияси бошқарув кенгаши раиси Шан Чао, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов сўзга чиқиб, лойиҳанинг аҳамияти ҳақида сўз юритишди. Шарифбек Ҳасанов ушбу лойиҳа атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни полигонларга жойлаш ҳажмини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш каби мақсадларга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.

Бу каби заводлар айни пайтда республиканинг 6 та ҳудуди — Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона, Қашқадарё, Самарқанд вилоятларида қурилиши қизғин давом этмоқда. Қолаверса, келгусида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳам худди шундай заводлар қурилиши режалаштирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда бу каби ташаббуслар чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш баробарида «яшил иқтисодиёт» тамойилларига мос бўлиб, мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш ва циркуляр иқтисодиётни ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг