Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дофамин ва қарамлик, чексиз истаклар, тез сўнувчи завқ

Дофамин ва қарамлик, чексиз истаклар, тез сўнувчи завқ

фото: ru.dreamstime.com/

Бугун аксарият одамлар завқланиш, бир марта бериладиган ҳаётда яшаб қолиш учун шошаётгандек. Яъни «ўладиган дунёда ўйнаб-кулиб яшаш», феномени кўп кузатилаяпти – чегарасиз истаклар ва рағбатлар билан яшашга интилмоқда. Бу яхши-ку дейишингиз мумкин.

Дофамин – миядаги мукофот, рағбатлантириш тизими учун жавобгар нейротрансмиттер бўлиб, у мотивация, бахт ва лаззат ҳиссини бошқаради. Дофамин миқдори мувозанатда бўлганида инсонга ҳаётдан қониқиш ва завқ олиш имконини беради. Ҳар бир янги рағбат ёки қувонч инсон миясида дофамин даражасини кўтариб, ўзини яхши ҳис қилишга сабаб бўлади. Ўйин-кулгу, дам олиш инсон ҳаётида муҳим роль ўйнайди, стрессни камайтиради, руҳий саломатликни сақлайди. Айниқса ҳозирги тезкор ва босими кўп ҳаётда ўйин-кулгу одамларга вақтинча муаммолардан қочиш ва энергия тўплаш имконини беради.

Демак дофамин – биологик рағбат, қарамлик – маънавий ёки ахлоқий талаб.

Бугун улар қандай уйғунлашмоқда ёки зиддиятда?

Биз дофаминни қондириш учун яратилган саноатнинг бир қисмига айланиб қолмадикми? Бу бир марта бериладиган ҳаётни қандай яшаш керак,  нафс ва дофамин орасидаги мувозанатни сақлаш осонми?

Мутахассислар фикрига кўра, секин дофамин – бу ҳаракат орқали мукофот. Масалан, мунтазам машғулотлар ва ўқиш орқали натижаларга эришиш, бу ерда ютуққа бир неча ойлик меҳнатдан кейин эришилади. Секин дофамин тез натижа бермайди, лекин у кўплаб ижобий фазилатларни ривожлантиради: сабр-тоқат, интизом ва узоқ муддатли қониқиш.

Аммо тез дофамин-чи?

«Ким баъзан ўз телефонида кулгили видеоларни томоша қилишни ёки шоколад билан стрессдан халос бўлишни хоҳламайди? Бунинг нимаси ёмон? Aммо охирги пайтларда бу «баъзан» ижтимоий тармоқларда ёки қисқа видеоларни томоша қилишда ўтказиладиган узоқ соатларга айланди ва биз ҳар қандай ёмон кайфиятни енгиш учун овқатланамиз. Ва биз бир зумда қониқишни қанчалик кўп қидирсак, у бизга қувонч беришни тезроқ тўхтатади ва унга бўлган эҳтиёжимизни қондириш шунчалик қийин бўлади», дейди психолог  Анастасия Карченкова kp.ua нашрига берган интервюсида.

Демак мутахассис айтганидек, биз тез завқланишга ҳаддан ташқари берилсак, миямиз азобланади, бу эса узоқ муддатли мақсадларга эришиш ва айтайлик китоб мазмунига эътиборни қаратишни қийинлаштиради.

Тез дофаминнинг зарари нимада?

Мутахассисларнинг фикрига кўра, агар сиз бир зумда қониқишга одатланган бўлсангиз, миянгиз дангаса бўлади ва мотивациянгиз пасаяди. Имтиҳонга тайёрланиш ўрнига Тик Токка термуласиз, бу осон ва ёқимли. Лекин бундан зерикдингизми, энди сизга кўпроқ Тик Ток керак.

Демак, доимий дофамин излаш инсонда ички қониқмасликни кучайтиради. Масалан, ижтимоий тармоқларда дофамин (лайклар, шарҳлар) қидириш орқали одамлар ўзини доимий равишда бошқалар билан таққослашга мойил бўлади. Бу эса ғазаб ва асабийликка, ҳатто депрессияга олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳар куни янги нарса сотиб олиш орқали олинган тез дофамин яъни завқланиш ҳиссиёти тез сўнади ва одам янада кучлироқ, янги завқ излашга мажбур бўлади. Миядаги дофамин тизими билан боғлиқ тадқиқотлар шундай хулоса қилдики, тез тайёрланадиган ёғли ва ширин таомлар ҳам дофамин чиқишини кучайтириб, овқатга ружу қўйишга олиб келиши мумкин.

Натижада, тинимсиз рағбат излаш нафснинг тўймаслигига айланади. Инсон бирор нарса билан қониқмай, тез-тез янги нарсалар, янгиликлар қидиради. Бу ҳолат руҳий беқарорлик, чарчоқ ва ҳатто стрессга сабаб бўлади. Бундай давом этаверса, одамнинг ҳақиқий хотиржамлик ва шукроналикка эришиши қийинлашади. Дофамин миядаги рағбат ва завқ марказларини бошқаради, лекин унинг ортиқча чиқиши нафснинг назоратдан чиқишига, очкўзликка ва руҳий саломатлик муаммоларига олиб келиши мумкин.

Моддий бойлик ортидан қувиш...

Ҳозирги замонавий жамиятда пул ва моддий бойлик ҳам дофамин чиқишининг кучли манбаига айланди.

Одамлар кўпроқ пул топиш, янги техника, кийим-кечак, автомобил ва бошқа моддий нарсаларни сотиб олиш орқали дофамин манфаатини қондиришга интилади. Лекин кўпчилик пулнинг кўпайишига қарамасдан, ҳаёт сифати яхшиланиши ва руҳий тинчликка эришолмайди. Кўпинча одамлар тез дофамин туфайли ўз имкониятларидан ортиқ харажат қилишади, бу қарзга ботишга, стресс ва руҳий босимларга олиб келади.

Кийимларга бўлган истакнинг кучайиши...

Ҳозирги кунда кийимлар турлари жуда кўпайган ва айрим маҳсулотлар нархи ҳам анча арзонлашган. Бу эса одамларда ҳар куни янги кийим сотиб олишга бўлган истакни кучайтирмоқда. Янги мода ва ижтимоий тармоқлардаги рекламалар бу истакни янада кучайтириб, одамларни ҳар доим замонавий ва янги кўринишда бўлишга мажбур қилади.

Янги кийим сотиб олиш дофаминнинг чиқишига сабаб бўлади, лекин бу ҳис тез ўтади ва одам янада кўпроқ исташга мажбур бўлади.

Шунингдек, бундай истак одамларда моддий жиҳатдан ҳам муаммо келтириши мумкин. Тез-тез кийим сотиб олишга интилувчи инсон ўз иқтисодий ҳолатини қийинлаштириши, қарзга ботиши ёки сарф-харажатларини бошқара олмаслиги мумкин.

Болалар ва ўйинчоқлар

Болалар ҳаётида ҳам дофаминнинг таъсири сезиларлидир. Тез-тез янги ўйинчоқлар олиш орқали уларда қониқиш ҳисси пайдо бўлади, лекин бу қониқиш тез ўтади ва янада янги ўйинчоқлар талаб қилинади. Бу ҳолат болаларда дофамин тизимининг ортиқча рағбатланишига олиб келади ва ўйинчоқларнинг қадри тушишига сабаб бўлади.

Натижада, бола кўпинча эски ўйинчоқларга қизиқмай қўяди, янги нарса излашга мойил бўлади ва бу ҳолат нафснинг чегарадан чиқиши – яъни чеклаб бўлмайдиган истакнинг шаклланишига ўхшайди.

Шунинг учун болаларга ўйинчоқларни олишда меъёрни сақлаш, уларга қадр-қиммат ва ўйинчоқларни сақлашни ўргатиш муҳимдир. Бу нафс ва дофамин таъсирини тўғри бошқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Медитация ва дофамин назорати

Медитация, нафас олиш машқлари ва руҳий тиничлик усуллари дофамин миқдорини мўътадиллаштиришда ёрдам беради. Бу усуллар орқали инсон нафсининг чегарадан чиқиши олдини олиш, руҳий барқарорлик ва ҳаётдан ҳақиқий завқ олиш мумкин.

Яъни ҳар бир инсон «Менинг соғлигим нима бўлишидан қатъий назар муҳим», деган аниқ тушунчага эга бўлса, ортиқча овқатланишга қарши туриш осонроқ бўлади.

Мутахассислар таъкидлашича, оддий, аммо кучли ички иборалар стрессдан қочишга ёрдам беради:

«Озиқ-овқат кўп, ҳар доим бўлади.», «Бир оз очлик ҳисси таҳдид эмас, балки сигналдир. Бу ҳатто ёқимли бўлиши мумкин.»

Кўпинча харид қилиш муайян нарсага интилиш эмас, балки ички бўшлиқни тўлдиришга уринишдир. Биз муҳим нарсанинг етишмаслигини ҳис қиламиз –  севги, эътибор, эътироф, қадр-қиммат ҳисси – ва харид қилиш вақтинчалик енгилликни беради. Мия: «Мана! Сиз хоҳлаган нарсангизга эришдингиз!» Aммо бу иллюзия, чунки ҳақиқий эҳтиёж қондирилмайди.

Шу дақиқадан фойдаланиб, ўзингиздан сўраш жуда муҳим:

«Менга ҳозир нима етишмаяпти?»

«Мен кўйлакни хоҳлайманми ёки эътиборни хоҳлайманми?»

«Мен дўконга зерикканим, ёлғизлигим ёки ташвишим учун кетяпманми?»

Эҳтиёжингизни аниқлаб олганингиздан сўнг, уни харид қилиш ёки қилмаслик мақсадингиз аниқ бўлади. Aхир, харид қилиш шунчаки айирбошлашдир: сиз пул берасиз ва бунинг эвазига нимадир оласиз. Бу севги, ғамхўрлик ёки эътироф эмас. Шунчаки бир лаҳазлик завқ.

Баъзан харид ўрнига дўстингизга қўнғироқ қилиш, сайр қилиш, чой ичиш ва шунчаки нафас олишни назорат қилиш фойдалидир

Бундан ташқари, шошқалоқ дофаминга қарши курашиш учун «тез» одатларни соғлом одатлар билан алмаштиринг: конфет ўрнига мева истеъмол қилинг, Тик Ток ўрнига подкастни тингланг.

Онгли равишда рад этиш жуда муҳим: яъни тез завқланишни «мен қила олмайман», деб эмас, балки «мен бошқача йўлни танлаганим» учун деб рад этинг.

Стрессда бўлганингизда ҳамма нарса маъносиз бўлиб туюлади: саломатлик, гўзаллик ва мақсадлар. Ширинликлар ва тез овқатланиш ҳам тез дофаминнинг энг кенг тарқалган манбаларидан биридир. Аммо егуликни паққос тушириш қувончи қисқа ва тез сўнувчан, унинг таъсири кам вақт сезилади ва кейин инсон янада кўпроқ, тезкор рағбат излашга мажбур бўлади.

Нима учун тез дофамин мутлоқ ёмон эмас?

Тез дофамин фақат мувозанат бузилганида зарарли. Кичик миқдорда эрталабки қаҳва каби фойдали бўлиши мумкин –  бу уйғониш ва кунни бошлашга ёрдам беради. Бу чарчоқ пайтларида ҳам фойдалидир – машаққатли меҳнатдан кейин 15 дақиқалик кулгили видеолар диққатни жамлашга ёрдам беради.

Тез дофамин, агар у завқнинг асосий манбаи бўлиб қолса, зарарли бўлади –   бу ҳолда у рағбат тизимини бузади, бу бизнинг мақсадларимизга эришишни жуда қийинлаштиради. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг калити –   диққат ва мувозанатни ушлаш.

Умуман олганда бир марта яшайдиган ҳаётда ўйнаб-кулиш завқидан бошқа завқлар борлигини англаган кунингиз сиз ҳақиқатан ҳам яшаётган бўласиз.

Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг