Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Экология қўмитаси матбуот анжумани ўтказди – тафсилотлар

Экология қўмитаси матбуот анжумани ўтказди – тафсилотлар

Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (“Green University”) " Eco Expo Central Asia 2026" халқаро экологик кўргазмаси, Глобал экологик жамғарманинг (ГEФ) VIII Ассамблеяси, шунингдек, "Green University" ва “яшил” техникумлар фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Экология қўмитаси бўлим бошлиғи Жавоҳир Абдухолиқов, қўмита департамент раҳбари Баҳром Холхўжаев, "Green University" ректори, профессор Бахтиёр Пулатов, қўмита ва тизим ташкилотлари ходимлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Жусипбек Казбеков Ўзбекистон яна муҳим халқаро экологик тадбирлар ўтказиладиган майдонга айланаётганини таъкидлади. Ушбу тадбирлар доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди. Жумладан, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига бардошлиликни ошириш, биохилма-хилликни сақлаш, ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш, сув ресурсларини бошқариш ҳамда атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, у Марказий Осиёдаги ягона ихтисослашган экологик университет — "Green University" ҳамда унинг ҳузурида ташкил этилаётган «яшил» техникумлар фаолиятига алоҳида тўхталди. Ушбу техникумларда экология соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрланиши, бу эса нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўз навбатида, Жавоҳир Абдухолиқов Глобал экологик жамғарманинг (ГEФ) VIII Ассамблеяси ҳақида маълумот берди. Ассамблея доирасида юқори даражадаги 9 та давра суҳбати, 50 дан ортиқ сайд-ивентлар ўтказилиши, қатор халқаро ташаббуслар эълон қилиниши ва янги экологик лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган. Ассамблея якунлари бўйича «яшил» лойиҳаларга грант ва инвестициялар жалб этилиши, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик кенгайтирилиши, иқлим ўзгаришига мослашув лойиҳалари қўллаб-қувватланиши, Оролбўйи экотизимини тиклаш дастурлари илгари сурилиши, биохилма-хилликни сақлаш, қайта тикланувчи энергетика ва барқарор қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ривожлантирилиши, шунингдек, қўшма трансчегаравий ташаббуслар йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, тадбир хорижий делегациялар ва экспертлар оқимини ошириш, бизнес туризмини ривожлантириш ҳамда хизмат кўрсатиш ва логистика соҳаларида қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилиши қайд этилди.

Тадбирда сўзга чиққан Баҳром Холхўжаев " Eco Expo Central Asia 2026" халқаро экологик кўргазмасига алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, мазкур тадбир дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан вакиллар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус, инвесторлар, экологик маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, экоинноваторлар, давлат органлари ва экспертлар ҳамжамиятини бирлаштиради. Кўргазма доирасида экологик маҳсулот ва хизматларга бағишланган 68 дан ортиқ павильон ташкил этилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг