Энди янги ишга кирувчиларга меҳнат дафтарчаси очилмайди
Келгуси йилдан янги ишга кирганларга меҳнат дафтарчалари очилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси молия вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
«Меҳнат дафтарчаларидан воз кечиш вақти келди, - деди молия вазирининг ўринбосари Дилшод Султонов, - «2019 йилнинг 1 январидан бошлаб асосан, лицей, коллеж, олий ўқув юртларини битириб, энди ишга кирмоқчи бўлганларга меҳнат дафтарчаси очилмайди. Унинг ўрнига «электрон меҳнат дафтари» амалда бўлади, албатта, бу тизим келгусида меҳнат стажини ҳисоблашда жуда қулай ва шаффофликни таъминлайди».
Меҳнат стажи ҳисобини электрон шаклда юритиш кўплаб муаммоларнинг олдини олади. Чунончи, «электрон меҳнат дафтари» тизими ходимнинг пенсияга чиқишида ҳар хил қинғир йўллар билан иш стажига қўшиб ёзиш сингари иллатга барҳам беради. Шунингдек, ҳозирда солиқ идораси томонидан электрон базанинг асоси ишлаб чиқилмоқда. Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотни «Telegram»даги @oylikuzbot боти орқали билиб олиш мумкин. Мазкур бот қанча иш ҳақи тўлангани ва қанчаси солиққа ушлаб қолинганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги фармонида ходимларнинг иш жойи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлов қилган даври бўйича рўйхатга олишнинг «электрон меҳнат дафтари» тизимини жорий этиш, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб биринчи марта ишга жойлаштирилган ходимларга қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчалари берилишини тўхтатиш вазифаси белгиланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter