Фожиа кўзимизни очмади ёхуд синалган усулдаги жавоб
Каттақўрғонда кўча тозалашга олиб чиқилган ёшгина ўқитувчи фожиали ҳалок бўлди.
Воқеа содир бўлган жойга бордим. Ҳаммасини кўзим билан кўрдим. Президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи олдидан кўзни бўяш учун кўчалар, ўртадаги тўсиқлар бўялаётганини, ўқитувчилар кўчаларни супуриб, йўл четларидаги ўтларни қириб юрганини кўрдим, суратга олдим.
Ҳалок бўлган Диана Енекееванинг оиласига, у ишлаган мактабга бордим, ўқитувчилар билан гаплашдим. Улар кўча тозалашга борганларини айтиб беришди. Буларни диктофонга ёзиб олдим.
Кўрган-билганларим «Хаbar.uz»да босилди, одамлар ўқиди. Каттаконлар ҳам.
Аммо бугун мақолам юзасидан Каттақўрғон туман ҳокимининг ўринбосари М.Музаффаров ва Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ.Саидов имзолаган ажабтовур жавоб хати олдим.
Ажабо! Бу жавобни ўқиса, ҳайратланиб, ...Диана бошқатдан ўларди!
«Мактаб ўқитувчилари, жумладан Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган», — дебди кап-катта амалдорлар.
Мақолага берилган бу жавоб расмий тусда бўлса-да, у негадир туман ҳокимлиги ёки вилоят халқ таълими бошқармасининг расмий бланкасига ёзилмаган. Унда на манзил ва на баёнотнинг чиқиш санаси кўрсатилган. Муҳр ҳам босилмаган.
«Ўрганишлар натижасига кўра, мактаб ўқитувчилари, жумладан Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган. Қолаверса, бундай ишлар жойлардаги ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг вазифасига киради. Таълим муассасаларида эса ўқитувчилар эмас, балки хўжалик ишлари бўйича масъул ходимлар, боғбонлар шуғулланади», дейилади бу хатда.
Ажабо, нега унда М.Музаффаров ва Қ.Саидов имзолаган бу жавоб хатида ёш педагогнинг иш вақтида катта трассада нима қилиб юргани ҳақидаги савол кўтарилмаган? Нега унда мақоламизда келтирилган гувоҳларнинг ўша куни ва эртасига ҳам кўча тозалашга чиқарилгани ҳақидаги гапларини эътиборга олишмаган.
«КамАЗ ҳайдовчисига жиноий иш қўзғатилди» деб мени тинчлантирмоқчи бўлган каттаконлар аслида менинг юрагимга ғулғула солмоқчи бўлишганига ақлим етиб турибди. Улар «Ҳозирча “КамАЗ” ҳайдовчисига жиноий иш очдик, аммо «Ҳеч ким ҳеч қанақа кўча тозалашга чиқарилгани йўқ» деган сафсатамизга одамларни, одамлар-ку, икки дунёда ишонмайди, каттаконларни ишонтириб олсак, ёлғон мақола ёзган журналист сифатида сенга ҳам жиноий иш очамиз», — демоқчи аслида.
Қизиқ, менинг йўқ нарсалар кўзимга кўринадиган касалим йўқ эди. Шунча кундан бери кўча тозалаб юрган ўқитувчиларни ўз кўзим билан кўрдим деб юрувдим. Энди иккиланиб қолдим. Бу галлюцинациямиди? Унда кимларни суратга олдим экан?
Каттақўрғонгина эмас, Пастдарғом туманида ҳам ўқитувчилар кўча супуриб, тўсиқларни оқлаб юришганини ўзим кўргандим-ку? Ўзим гаплашгандим-ку? Наҳотки мен арвоҳлар билан гаплашган бўлсам?
Ҳатто ҳамкасблари ўлиб ҳам Каттақўрғондаги 42-мактабнинг бошқа ўқитувчилари кўча тозалаб юришувди-ку?
Мен-ку майли, касалдирман, кўзимга кўрингандир, аммо диктофонимдаги «15 кундан бери кўча тозалаймиз, президент келиб кетмагунча тозалашга чиқасизлар дейишган» деган овозлар ҳам арвоҳларникими?
Мени касал эканимга, йўқ нарсалар кўзимга кўринишига ишонтиришар каттақўрғонлик амалдорлар, аммо бутун бошли тумандаги 15 кундан бери кўча супуриб, тўсиқ оқлаб юрган барча ўқитувчиларнинг оғзини тикиб чиқа олишармикан?
Эҳ, каттаконлар, каттаконлар! Қачон ёлғончиликни ташлайсизлар?
Бошқалар майли, Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бўлган муҳтарам Қ.Саидов, сиз уялмадингизми кўзингизни лўқ қилиб ёлғон гапиришга, бетайинларча ёзилган сохта жавобга қўл қўйишга? Ахир халқ таълими бошқармасида ишласангиз, ҳойнаҳой, ўқитувчи халқидан чиққан бўлсангиз керак?
Халқ таълими вазири ўринбосари «Бас, етар! Ўқитувчиларни тинч қўйинг. Ҳамма ўз ишини қилсин. Парламент аъзолари, депутатлар ва бошқа давлат органлари келинглар бир меъёрий ҳужжат ишлаб чиқайлик. Миллат тақдири-ку ахир!» деб воқеага ўз муносабатини билдириб турганида, сиз бу фожеани тан ололмадингиз.
Қ.Саидов, сиз вилоят ўқитувчиларига бош бўла туриб, бир ўқитувчингизга, унинг руҳига хиёнат қилдингиз. «Диана Еникеева ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган» деб унга туҳмат қилдингиз! Билмасангиз, билиб қўйинг: қиёмат куни Диананинг икки қўли сизнинг ёқангизда бўлади!
Эътиборингизга ўзим олган айрим ўқитувчиларнинг суратларини ҳавола қилдим. Биламан, ахтариб топиб, ҳаммасини жазолайсиз, халқ таълими тизимидан йўқ қиласиз, шунинг учун ҳаммасини чоп этмайман! У ёғи, бор бўлса, виждонингизга ҳавола!
Каримберди Тўрамурод
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter