Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Геосиёсий «сигнал»: Бухорода туркий давлатлар илмий интеграциясига старт берилди

Геосиёсий «сигнал»: Бухорода туркий давлатлар илмий интеграциясига старт берилди

Фото: Xabar.uz

Бухорода туркий давлатлар илмий интеграциясига старт берилди. Бу геосиёсий «сигнал» Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг янги форматига йўл очди.

Бухоро давлат Педагогика институтида «Турк дунёси географлари халқаро III конгресси» бўлиб ўтди. Ўзбекистонда илк бор ўтказилган мазкур анжуман туркий давлатлар ва дунёнинг турли нуқталаридан келган олимлар, экспертлар ҳамда университет раҳбарларини бир майдонга жамлади.

Конгресс доирасида барқарор ривожланиш, глобал иқлим ўзгариши, экологик хавфлар ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш каби долзарб масалалар юзасидан кенг қамровли муҳокамалар олиб борилди. Мутахассислар фикрича, бугун география фани назарий, амалий ва балки, сиёсий аҳамият касб этмоқда.

Анжуманда сўзлаган институт ректори Баҳодир Маъмуров конгресснинг аҳамиятига алоҳида тўхталди: «Илмий муҳокама майдони бўлган бугунги анжуман турк дунёси олимларини бирлаштирувчи муҳим платформага айланди. География фани орқали биз глобал муаммоларга ечимлар топишга ҳаракат қилаяпмиз».

Ректорнинг таъкидлашича, конгреес доирасида эришилаётган келишувлар таълим ва илм-фан соҳасидаги амалий натижаларга хизмат қилади.

«Имзоланган келишувлар орқали талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви янги босқичга чиқади. Қўшма илмий лойиҳалар кўпаяди, таълим сифати янада ошади. Энг муҳим жиҳати, талабалар халқаро муҳитни ҳис қилади»,— деди Баҳодир Маъмуров.

Конгресснинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири, бу Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий унивеситети билан имзолаган «йўл харитаси» бўлди. Ҳужжат икки олий таълим муассасаси ўртасида академик алмашинув, қўшма тадқиқотлар, инновацион таълим дастурларини йўлга қўйишни назарда тутган.

Бу каби келишувлар туркий давлатлар ўртасида ягона илмий-таълим маконинин шакллантириш йўлидаги қадам сифатида баҳоланади.

Анжуманда Хўжа Аҳмад Ясавий номидаги халқаро қозоқ-турк университети вакиллари ҳам иштирок этди. Уларнинг етакчи раҳбарларига институтнинг «Фахрий профессори» унвони топширилди.

Конгресс доирасида ўтказилган амалий семинарлар, илмий сессиялар ва интерактив машғулотлар ёш олимлар учун катта имконият яратди. Бу орқали улар халқаро тажриба алмашиш, янги ғоялар билан танишиш имконига эга бўлишади.

«Конгресснинг маданий тадбирлар билан ҳам бойитилгани унга ўзига хос миллий руҳ бағишлади. Сумалак ва ҳалим тайёрлаш, ҳалқ ўйинлари ва саҳна кўринишларининг намойиш этилгани геосиёсий ва маданий яқинлашув платформасига айланди»,—деди Хўжа Аҳмад Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк университети ректори Жанар Темирбекова.

Мазкур анжуман орқали Ўзбекистон илм-фан ва таълим соҳасида халқаро майдонда ўз позициясини янада мустаҳкамлаётгани яққол намоён бўлди.

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг