Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ғолибга 100 миллион сўм: Қозоғистон жамоаси Бухородаги кўпкарида ғалаба қозонди

Ғолибга 100 миллион сўм: Қозоғистон жамоаси Бухородаги кўпкарида ғалаба қозонди

Фото: Xabar.uz

Қозоғистон жамоаси рақибларини доғда қолдириб, улоқ-кўпкари майдонида 100 миллион сўмга сазовор бўлди

Бухоро туманидаги Чавандозлар мактабида улоқ-кўпкари халқаро турнири бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли беллашув минглаб томошабинларни ўзига чорлади. Бунда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой ва Россиядан келган чавандозлар ўзаро беллашишди.

Аввалига Ўзбекистон жамоаси, кейин Қирғизистон кўпкаричилари жамоаси устун келаётган финал баҳслари бир неча дақиқалар ичида мутахассислар ҳамда оддий мухлисларни ҳам ҳайратга солди. Ортда қолаётган Қозоғистон жамоаси шиддат билан биринчи ўрин учун курашга қўшилди. Ва ушбу жамоа турнирда мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Рақибларини доғда қолдирган Қозоғистон жамоаси улоқ-кўпкари майдонидан бош соврин - 100 миллион сўмни «олиб кетди».

Иккинчи ўринни қўлга киритган Қирғизистон жамоасига 75 миллион сўм топширилди. Қизғин, баҳсли ва ўз ўрнида оғир кечган беллашувларда Ўзбекистон жамоаси учинчи ўринга даъвогарлик қилиб, 50 миллион сўм пул мукофини қўлга киритди.

Шу муносабат билан Қозоғистон жамоаси аъзоларидан бири билан қисқача суҳбат уюштирдик.

— Ғалаба муборак!

— Катта раҳмат!

— Бу муваффақият нимани англатади?

— Ўз кучимизга бўлган ишончни англатади! Бу мукофот эмас, жамоавий ҳаракатларимиз самарасидир. 100 миллион сўм катта рағбат ва бу ўз кучимизга бўлган ишончни мустаҳкамлади. Айниқса, бу маблағни Бухоро ҳокимининг шахсан ўзи топширгани биз мезбон жамоалар учун хурсандчилик бўлди.

— Охирги дақиқаларда кутилмаган лаҳзаларда «улоққа» эришдингиз... Қийинчилик нимада бўлди?

— Энг катта қийинчилик – рақобатнинг, яъни рақиблар жамоасининг ҳам жуда кучлилиги ва вақт билан курашиш. Шунингдек, Бухородаги муҳит, таниш ва нотаниш томошабинларнинг ҳам жўр овозда қўллаб-қувватлаши. Спорт шуниси билан тоза, шуни билан жўшқин.

— Ўзбек мухлисларига нима демоқчисиз?

— Жудаям кучли, чайир ва эпчил қардошларим ўзбекларнинг қўллаб-қувватлашини, чин дўст ва жуда меҳмондўст халқ эканин яна бир карра ҳис қилдик. Бу ерга яна қайтишни истаймиз. Ва қардошларимни ўз юртимизга чорлаб қоламиз.

Бухорода бўлиб ўтган улоқ-кўпкари яна бир бор спортнинг маданий мерос сифатидаги ўйинлар эканини исботлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг